Ер соҳасидаги муносабатлар тубдан такомиллаштирилади

06.06.2021 09:06:04

Ер - жамият  бойлигининг  асоси  ҳамда  бошланғич  манбаи,  халқ  хўжалигининг барча  тармоқларини  ривожлантиришнинг  асосий  пойдевори  ва  қишлоқ  хўжалигининг асосий ишлаб чиқариш воситасидир. Ўзбекистон халқининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади.

Унинг ҳисобини аниқ юритиш ва самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик каби жуда кўплаб соҳалар учун ўта муҳимдир. Лекин тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган.

Шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидандир.

Ўзбекистон  Республикаси  ер  билан  боғлиқ  муносабатларнинг  ҳуқуқий  асослари етарли даражада шакллантирилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ер ва ердан  фойдаланиш  тўғрисида”ги  қонуни,  “Ер  кодекси”,  “Ер  кадастри  тўғрисида”ги  қонун  ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда    шакллантирилаётган    ер    муносабатлари ривожланган мамлакатлардагидан  тубдан  фарқ  қилади.  Чунки,  мамлакат  бунга  зарурат  туғдирувчи ўзига хос ижтимоий - иқтисодий ривожланиш хусусиятларига эга. Амалга оширилаётган ер  ислоҳоти  аграр  секторни  ривожлантиришга  қаратилган  мустаҳкам  асосни  яратишга мамлакат  иқтисодиётини  эркин  бозор  шароитларига  мослаштиришга,  қишлоқ  хўжалик маҳсулотларини  ишлаб  чиқаришни  сифат  жиҳатдан  яхшилашга,  ерни  ўз  эгаларига беришга, ҳамда ернинг иқтисодий самарадорлигини ва экологик тозалигини ҳимоялашга йўналтирилган.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари ҳали ҳам кузатилётгани, ноқишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби барча учун бир хил ва шаффоф эмаслиги танқид қилиниб, ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидлади.

Шу билан биргаликда, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилиниши, вилоят ҳокимининг ер муносабатларига доир барча қарорлари адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши айтиб ўтилди.

Йиғилиш сўнгида давлатимиз раҳбари соҳада қонун устуворлигини таъминлаш шарт эканига яна бир бор урғу бериб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ернинг ҳар қаричи — олтинга тенг. Демак, инсон яшаши, ризқ топиши, турмушини фаровон қилиш учун ундан унумли фойдаланмоғи лозим.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+