Ертикан сув омборида нима гап?

15.06.2022 17:06:14

“Намангандаги сув омборидан сув сизиб чиқди”. Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда ана шундай мазмундаги хабарлар тарқади. Маълумотларга қараганда, гап  Косонсой туманида жойлашган Ертикан сув омбори ҳақида кетган. Бу ерда чиндан ҳам 13 июнь куни иншоот тўғони яқинидан сув сизиб чиқиши  кузатилган.

Биз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси мутасаддиларига мурожаат қилдик. Уларнинг сўзларига кўра  ташкилот масъул ходимлари тегишли мутахассислар билан биргаликда воқеа юз берган жойга бориб вазиятни ўрганганлар. Аниқланишича,   омборнинг тўғонга туташ икки жойидан (секундига 5 ва 10 литрдан) сув сизиб чиқиши 13 июнь куни соат 19 дан бошланган. Тўғоннинг  ўзи мустаҳкамлиги, аҳолига ва атроф-муҳитга  хавф йўқлиги маълум бўлган.

 – Мен мазкур сув омборидан унча узоқ бўлмаган масофада, Қўқимбой қишлоғида яшайман, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгагаши ходими Ғолибжон Бобоев. – Воқеа ҳақида қўни-қўшнилардан эшитдим. Аҳоли ўртасида ваҳима ёки саросима сезилмайди. Ҳамма ўз иши билан банд. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хабари билан танишдик.

Ҳолатни  бартараф этиш мақсадида Косонсой сув омборидан сув келиши тўхтатилган, Иншоотнинг ўзидан эса сув чиқариш миқдори кўпайтирилган. Бунинг учун Калбува ва «Муса ариқ” ташламаларжан фойдаланилмоқда. Вазиятни кузатиб бориш  мақсадида  мутахассислардан иборат назорат пости ташкил этилган.

Рўй берган ҳолатга ойдинлик киритиш учун биз вилоят сув хўжалиги бошқармасининг сув омборлари бошқармаси бош муҳандиси Обиджон Ҳамробоев билан боғландик.

 – Қўқимбой қирлари орасида жойлашган бу иншоотнинг биринчи навбати ўтган асрнинг 89-91 йилларида барпо этилганди, - дейди у. - Ўшанда у 12 миллион кубометрга мўлжалланган бўлса-да, яқин пайтгача 2-3 миллион кубометрдан ортиқ об-ҳаёт тўпланмаган. 2017-2019 йилларда “Ертиканнинг иккинчи навбати қурилиб, сиғими янада оширилган. Ҳозир у йигирма миллион кубометр сув йиғиш имкониятига эга.  Уч кун илгари бу миқдорнинг ўн саккиз фоизига тенг оби ҳаёт мавжуд эди. Юзага келган вазият эса мутахассисларимиз томонидан атрофлича ўрганилмоқда. Қисқа муддатда хулосалар чиқарилади ва зарур чора-тадбирлар белгиланади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+