Эшитув раҳбарнинг масъулиятини оширади

28.07.2022 14:07:30

Маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятида масъул раҳбарларни эшитув катта аҳамиятга эга. Чунки бу маълум бир соҳада амалга оширилаётган ишларни атрофлича ўрганиш билан бирга камчиликларни бартараф этишга олиб келади. Халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида “Худудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Жалақудуқ туман бўлими бошлиғи Олимжон Насирдиновни жорий йилнинг ўтган 6 ойдаги фаолияти юзасидан эшитув ҳам айни шу мақсадга қаратилди.

Таъкидланганидек, туманда жами суюлтирилган газ билан таъминланган хонадонлар сони 27 минг 615 тани ташкил қилади. Табиий газ танқислиги сабабли суюлтирилган газга мослаштирилган хонадонларга график асосида суюлтирилган газни бир меъёрда етказиб бериш йўлга қўйилган. Ҳисобот даврида жами 35 дона маиший газ баллонлари ажратилган. Шу ўринда савол туғилади:бу озми кўпми?

ан2_5

Мавжуд табиий газ қувурлари  яроқли ҳолатда. Табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида аҳоли хонадонларидаги тутун тортиш мўриконларининг яроқлилиги назоратга олиниб, 7153 та хонадон кўрикдан ўтказилди, 74 та газ тақсимлаш қурилмалари техник тафтиш қилинди,  2,6 км. ер усти газ қувурлари бўёқланди.

Албатта юқоридагилар тизимда сезиларли ишлар амалга оширилаётганини кўрсатади. Бироқ олдинда амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар турибди. Жумладан, газ тақсимлаш ускуналарини мукаммал таъмирлаш ва қуриш бўйича ишлаб чиқилган дастурларни тўла бажарилишини таъминлаш, аҳоли хонадонларига табиий ва суюлтирилган газ таъминотини бир меъёрда етказиб бериш; истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлик маблағларини ундириш, аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал қилиш чораларини кўриш зарур. Бу борада соҳа ходимларининг масъулияти катта аҳамиятга эга.

Малика Абдуллаева, халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши депутати:

-Соҳа раҳбарларининг депутатлар олдида ҳисоб бериши камчиликларни бартараф этишнинг ишончли йўли. Негаки ҳар қандай раҳбар бу борада ўз фаолиятини зийраклик билан кўриб чиқади. Қолаверса биз депутатлар сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар, ҳудудлардаги муаммоларни уларнинг олдига қўямиз. Газ идораси раҳбарини эшитувимиз туманда куз-қиш мавсумига тайёргарликни кучайтиришга қаратилди.

Депутатлик гуруҳи аъзолари соҳадаги камчиликларни бартараф этиш ва аҳоли мурожаатлари юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Барнохон Бозорова,

“Адолат” СДП Жалақудуқ туман Кенгаши раиси.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+