Етимнинг бошини силанг

06.09.2021 17:09:33

Ўзбек деганда меҳри дарё, савоб учун ҳар нарсага тайёр кишилар тушунилади. Бағрикенглик, меҳр-оқибатлилик халқимизга хос. Айниқса, ота-онасидан ажралган етим болаларни бошини силаш  савобли иш саналади. Бу қонунларимизда ҳам ўз ифодасини топгани бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг  яқинда  имзоланган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори бунинг ёрқин тасдиғидир.

Аслида бизда етим боланинг ўзи йўқ. Давлатимиз бош бутун маҳалла ҳар бир болага ота-она. “Болаларнинг бегонаси бўлмайди”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган ибораларнинг замирида ҳам ана шу бағрикенглик ётади.

Айтиш мумкинки, юқоридаги қарор етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этишга чақирди. Асосийси, масъулиятимизни оширди. 

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мазкур қарорнинг асосини ташкил этади. Аслида бу борада республикамизда кўп ишлар амалга оширилади. Уларни таълим олиши, соғлом инсонлар бўлиб улғайиши алоҳида эътиборда.  “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйларида барча шароитлар яратилган. Бу муассасаларни Миллий гвардияга бириктирилиши эътиборни ошириш баробарида назоратни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Бугун биз масаланинг бошқа бир томонини унутмаслигимиз керак. Давлатимиз етим болаларга шунчалик ғамхўрлик кўрсатар экан фуқаролар ҳам бу борада масъулиятли бўлмоғи лозим. Ана шу болалар сизу бизнинг яқинимиз, жигаримиз. Демак, уларни етим дейишлик ҳам қайсидир маънода ўринсиз. Эътиборимизни, меҳримизни ошириш билан савобга шерик бўлайлик.

Зумрадой СОЛИЕВА,

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+