Эзгу ният ва эзгу амал бирлаштирган фидойилар

13.09.2021 13:09:52

 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Олмалиқ шаҳар Кимёгарлар Маданият саройи майдонида партия ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ва мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб, “Энг улуғ ва энг азиз жонажон ўлкам!” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда вилоят Кенгаши ходимлари, туман-шаҳар Кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари фаоллари, бошланғич партия ташкилоти раислари, таниқли санъаткорлар, спорт, адабиёт намоёндалари, кенг жамоатчилик ҳамда  ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида истиқлол, Она Ватан, ёшлик ва муҳаббатни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар, партия томонидан  ташкил этилган  акциялар маданият саройи майдонига келган турли ёш ва миллатга мансуб ватандошларимизда ўзгача таассурот қолдирди.

Шундан сўнг, партия фаоллари, депутатларнинг дилдан айтган изҳорлари билан давом этиб, вилоят миқёсида амалга оширилган кенг қамровли ишлар бирма-бир эьтироф этилди.

Шу аснода бундай ишларда Олий Мажлис Сенатида 1 нафар,  Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларда 78 нафар депутат,  41 минг 100 нафар партия партия тарафдорлари ва 420 та бошланғич партия ташкилотларини бир маслакка бирлаштирган вилоят Кенгашининг самарали фаолияти эътироф этилди.

Учрашув  давомида  сўзга чиққанлар мустақиллигимиз шарофати билан мамлакатимизда  амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, айниқса сўнгги беш йил ичида олиб борилган ишлар,  ҳар бир соҳада эришилган  муваффақиятлар,  келажагимиз эгалари бўлган ёшларга қаратилаётган эътибор, айниқса "Ёшлар парламенти"нинг ташкил қилиниши ёшлар ҳаётидаги муҳим янгиликлардан бири бўлганлигини  қайд этилди.

30 йил тарих учун қисқа давр бўлишига қарамай, шу йиллар ичида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Бугун мамлакатимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Айни пайтда барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси бебаҳо неъмат бўлган мустақиллик шарофатидандир.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз ҳаётининг бирор-бир жабҳаси йўқки, унда мустақиллик шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаёти, орзу-умидларида мустақиллик акс этмаган бўлса. Мустақиллик бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди.

Тадбирда “Адолат” партияси томонидан илгари сурилган долзарб лойиҳалар, ғоялар йиғилганлар томонидан қўллаб қувватланди.

Айниқса, ҳудудда таниқли бўлган санъаткорлар “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш мақсадида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Жонли тарзида интерактив ўйинлар, совринли викториналар билан қизғин ўтган тарғибот акцияси  барча йиғилганларга бирдек  манзур бўлди. Фаол иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Вилоят Кенгаши бу каби тарғибот тадбирларини барча туман ва шаҳарларда ўтказиб бормоқда.

Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП  Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+