Эзгулик албатта қайтади

02.12.2022 10:12:15

Термиз шаҳридаги вилоят Қон қуйиш станциясида «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги ўтказилаётган донорлик акциясининг иккинчи куни ҳам қизғин давом этди. Акциянинг иккинчи кунида партия фаоллари, депутатлар, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари, Сурхондарё вилоят Ички Ишлар бошқармаси ходимлари, ҳамда кўплаб кўнгилли донорлар фаол иштирок этишди.

Отабек Эргашев, Сурхондарё вилоят Ички Ишлар бошқармаси ходими, акция иштирокчиси:

- Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги донорлик акцияси менда чуқур таассурот қолдирди. Ушбу тадбирнинг бош мақсади инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат. «Адолат» партиясининг донорлик бўйича ташаббусини қўллаб-қувватладим ва қон топширдим. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик.

Муродбек Раҳимов, вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходими, акция иштирокчиси:

- Айтиш керакки, бу галги жараёнларда эъти­рофга лойиқ жиҳатлар кўп бўлди. Кун давомида Қон қуйиш марказига ихтиёрий равишда ташриф буюриб, тиббий -ижтимоий кўмакка муҳтож болажонларимиз учун ўзининг меҳр-мурувватини, ҳаёт томчиси бўлмиш қонини улашиш истагида бўлган фуқароларимизнинг кети узилмади. Олижаноб фуқароларимизнинг ташаббускорлиги таҳсинга сазовордир. Ушбу акцияни ташкиллаштириш орқали болалар саломатлигига қўшаётган ҳиссамиздан биз ҳам мамнунмиз. Ушбу донорлик акциясида иштирок этиб, жажжи болажонларимиз саломатлиги тикланиши учун ҳисса қўшишни инсонийлик бурчи деб билганлар умидвор кўнгилларга яна умид бағишладилар. Чунки бемор болалар ва уларнинг ота-онаси учун топширилган қон жудаям муҳимлигини дилдан ҳис қилади киши. Тилагим, ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин, мамлакатимиз болалари ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳар доим юртимиз узра болалар кулгиси жаранглаб турсин.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда қон топширган фуқароларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Дилафрўз Раҳматова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+