Фахрийлар – ардоқда

05.05.2021 17:05:33

Яна бир неча кундан кейин юртимизда Хотира ва Қадрлаш куни кенг нишонланади. Ҳар йилги анъанага мувофиқ шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда мазкур сана муносабати бидан хилма-хил тадбирлар ўтказилмовда. Уларда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабага салмоқли ҳисса қўшган фахрийлар, фронт ортида меҳнат қилган инсонлар ардоқланмоқда. Ватанимизнинг Истиқлолга эришишида жонбозлик кўрсатганлар ва бу йўлда ҳаётларини қурбон қилган фидойилар ҳам ёдга олинмоқда. 

Куни кеча фаолларимиз ташаббуси билан Янгиқўрғон тумани марказидаги Хотира хиёбонини қатор умумтаълим мактабларининг ўқувчилари зиёрат қилдилар. Бу ердаги тадбир халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди. Дастлаб Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Сўнгра ёшларга Хотира ва Қадрлаш куни рамзи туширилган Шараф тасмалари тақдим этилди. Уларни тақиб олган ўғил-қизлар Ўзбекистоннинг муносиб фарзандлари бўлиш учун астойдил ўқиб-изланишга ва меҳнат қилашга бел боғлаганликларини изҳор этдилар. Тадбирда  “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов богшчилигидаги фаоллар  қатнашдилар.

Партиядошларимиз Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Абдусалом ота Раҳмонов ва Камолжон ота Иномов хонадонига ташриф буюрдилар. Худди шу куни Наманган туманида яшовчи бу фахрийларни вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳам қутлагани келдилар. Фашизмга қарши беаёв жангларнинг иштирокчилари бўлган отахонларга "Хотира ва Қадрлаш куни" муносабати билан Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди ҳамда 12 миллион сўм миқдорида бериладиган бир марталик пул мукофоти, совға-саломлар, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини топширдилар. Отахонлар билан дилдан суҳбат қурилди. Бир гуруҳ аскар йигитлар уларга уруш жанггоҳларида куйланган ҳарбий қўшиқлардан айтиб бердилар.

– Бундай тадбирлар шу кунларда ҳамма ерда бўлиб ўтмоқда, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев. – Уларда депутатларимиз ва фаолларимиз ҳам қатнашмоқдалар. Фахрийлар кўрсатилаётган эътибор учун республика Президенти ва ҳукуматига, кенг жамоатчиликка ўз миннатдорчиликларини билдирмоқдалар. Дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга соғ-саломатлик, деҳқончиликларимизга барака тиламоқдалар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+