Фахрийлар доимо ардоғимизда

24.10.2022 09:10:53

Табаррук диёримизда камол топган фидойи ҳамда инсонпарвар инсонларни халқ яхши билишади. Мамлакатимизнинг ривожи учун хизмат қилган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Мустақиллигимизнинг илк йилларидаги сиёсий жараёнларда ўзининг шижоати билан муносиб ҳисса қўшиб келган инсонларни тадқиқ ва тарғиб этиш бизнинг бурчимиз ҳисобланади. Ана шундай ватанпарвар инсонлар орасида Бухоро вилоятида партия ташкил этишда ташаббускор бўлган фидойилардан бири Шаропов Пўлат Шаропович ҳам ўз ҳиссаларини қўшган инсонлардан бири десак адашмаган бўламиз.

Шаропов Пўлат Шаропович Ўзбекистон «Адолат» СДП дан биринчи чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлисига Бухоро вилоятидан сайланган биринчи депутатлардандир. Пўлат ака билан суҳбатлашганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолияти даврида бир нечта қонунлар яратишда шахсан иштирок этгани ва ташаббускорлик қилгани ҳақидаги ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

Пўлат ака 1995 йил Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг мамлакатимизда кўп партиявийлик тизимида «Адолат» СДПни ташкил этишдаги таклифини илгари суриш ишларида ташаббускор гуруҳида биринчилардан бўлиб иштирок этган илк етакчи вакилларидан бири саналади.

1995 йилда мамлакатимизда кўп партиявийлик тизимини жорий этиш мақсадида ҳукумат томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳга етакчи вакил сифатида Пўлат Шаропов тайинланди. Пўлат Шаропов зиммасига вилоятда «Адолат» СДП тарафдорларини аниқлаш ҳамда улар орасидан партиянинг вилоят ташкилоти етакчисини сайлаш масалаларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Ташаббускор гуруҳ вакиллари Шаропов Пўлат Шаропович ҳамда Маҳмудов Иззатилло Негматиллоевичлар илк бор «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгашини ташкил этиш ҳамда Кенгаш аъзолари орасидан партия вилоят Кенгашининг биринчи раиси Аҳмедов Раҳмат Маҳмудовични сайлаш тадбирининг ташкилотчиси десак муболаға бўлмайди.

Шаропов Пўлат Шаропович 1957 йил Бухоро вилоят Бухоро туман «Юрин-поён» қишлоғида туғилган. Ўрта таълим мактабини аъло баҳоларда тугатиб, 1974-1979 йилларда Андижон Пахтачилик институтига ўқишга киради ва мазкур институтни механизация факультетини имтиёзли тугатиб, ўзи туғилиб ўсган колхозда инженерлик меҳнат фаолиятини бошлайди. 1981-1982 йил Бухоро таъмирлаш заводида механик, 1982-1991 йилларда эса жамоа хўжалиги раис ўринбосари лавозимида ўз меҳнат фаолиятини олиб борди. 1992-1994 йиллар «Юринболо» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб, ўзининг ташаббускор ва халқ дарди билан яшаган жонкуяр инсон сифатида халқ меҳрини қозонди. Шу билан биргаликда Шаропов Пўлат Шаропович қишлоқ фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаган даврида бу ерда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилди, жумладан, янги боғу роғлар ташкил қилиниб, қишлоқ янада кўркам қиёфага келди. 1994-1999 йиллар биринчи чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлис депутати «Аграр сув хўжалиги масалалари» бўйича қўмита котиби бўлиб парламентда доимий ишловчи депутат бўлиб фаолият юритди. 1999-2001 йиллар Гала-Осиё МТП акционерлик жамияти раиси, 2001-2017 йиллар Бухоро вилоят машина трактор акционерлик жамияти раиси бўлиб ишлади.

Кўп йиллик бой тажриба асосида меҳнат фаолиятини юритган мана шундай ташаббускор, фидойи ва жонкуяр инсонлар борлиги сабаб юртимиз тараққий этиб, ривож топмоқда. Бугунги кунда «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгашининг самарали меҳнат фаолиятида албатта Шаропов Пўлат Шаропович каби жонкуяр инсонларнинг ўрни беқиёсдир. Яқинда Пўлат аканинг хонадонига партия номидан мен ва партиянинг Бухоро туман Кенгаши раиси Миржон Ғафуровлар ташриф буюрдик, ташриф чоғида устозимиз билан дилдан суҳбат қуриб, у инсоннинг ҳақиқий жонкуярлиги ҳамда фидокорлигига самимий суҳбати давомида янада амин бўлдик. Партия вилоят Кенгаши номидан Пўлат акага эсдалик совғаларини топширдик. Шу ўринда айтишим керакки, бу каби инсонлар бизнинг ҳамиша ардоғимизда бўлиб қолаверади.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+