Фаол тарғиботчи,  қаҳрамон  партиядошимиз

02.07.2021 10:07:54

Бугун муҳтарам Президентимиз ўртага қўяётган муҳим масала –давлат хизматида бўлган ҳар бир раҳбар ва ходим, депутат ўзига юклатилган вазифага масъулият билан ёндашиши зарур.

- Қолаверса, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳам фуқаролар мурожаатига, ариза, шикоятларга эътиборсизлик, масъулиятсизлик билан қараган мутасаддиларнинг жавобгарлик масаласи аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган,-дейди халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши  депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова, -Давлатимиз раҳбари фуқароларнинг дарду-ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мезонидир, дея ҳар сафар бот-бот таъкидлайдилар.

Бунга қатъий амал қилиб иш тутаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП  аъзолари  одамлар билан юзма-юз мулоқотларда ўртага ташланаётган ҳар бир жумбоққа жиддий эътибор билан қараяптилар. Муаммонинг ечимини топиш, норози кайфиятда юрган фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Хўш, одамларни ташвишга солаётган асосий камчиликлар, муаммолар нималардан иборат? Улар қайси жумбоқлар, масалалар бўйича кўп мурожаат қиляпти?

Депутат Муҳаббат Шаропова Қарши шаҳар “Шайхали” МФЙ хонадонларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот уюштирганида одамлар ўзларини қийнаб келаётган жумбоқларни ўртага ташладилар. Юзма-юз мулоқотда депутат одамларга яхши яшаш учун самарали ва тинимсиз  меҳнат қилиш кераклигини таъкидлади. Айрим аҳоли қатламларини боқимандалик кайфиятидан қайтаришга уринди. Учрашувда одамлар бандлик, тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати, мактабгача таълим муассасаларининг талаб даражасида эмаслиги, ҳудудда автобус қатновини йўлга қўйиш масаласи, коммунал хизматдаги муаммолар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, халқ таълими соҳасидаги ишларни яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш борасида зудлик билан чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар айтишди. 

Ушбу муаммоларни ўрганишдан сўнг Муҳаббат  Шаропова ҳақиқатдан ҳам аҳоли эътирози ўринли эканлигини эътироф этиб,  фуқаролар томонидан билдирилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят   ҳокимлигининг қурилиш бўлимига тегишли кўрсатмалар берди. 

Қарши шаҳридаги  Шайхали қўрғонида  жойлашган  18 МТТ  жорий йил
8 январдан буён фаолиятини тўхтатган эди. “Шайҳали” МФЙ аъзолари билан учрашувда одамлар бу боғчани қайта ўз фаолиятини йўлга қўйишида ёрдам беришини илтимос қилишди.  Депутат бу муаммони обдон ўрганиб, асоссиз равишда фаолиятини тўхтатганлигини аниқлади ва  вилоят МТТ раҳбари
А. Алимардоновга депутатлик сўрови юборди. Шунга асосан “Шайхали” қўрғончасидаги   18 мактабгача таълим ташкилоти  май ойидан  ўз бағрига болажонларни қабул қила бошлади.  Шунингдек, депутат аралашуви билан аҳоли талаби асосида  “Шайхали” МФЙ кўчалари бўйлаб  3- автобус қатнови йўлга қўйилди. Депутат одамларни ўйлантириб келаётган бу муаммони шахсан  вилоят ҳокими билан ҳамкорликда бартараф этди.

Бундан ташқари, депутат саъй-ҳаракати билан темир йўлнинг кесишган  жойида йўл белгиларини қўйиш ишлари ҳам ижобий ҳал этилди. Хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича биргина жорий йилнинг 5 июнь куни “Шайхали” шаҳарчасидаги 17 нафар хотин-қизларга  уйларидан тикув цехи очиб фаолият юритишлари учун банкдан  имтиёзли кредит олиб берилди. Айни пайтда 7 та тикув машинаси билан таъминланган хотин-қизлар ўз уйларида ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланяптилар.

2021 йилнинг 15 июнь куни Қарши шаҳридаги 44-умумий ўрта таълим мактабида фидойи, тиниб-тинчимас партиядошимиз  Муҳаббат Шарапова давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган аҳоли соғлигини сақлаш соҳасидаги қатор қарорлари ва видеоселектор йиғилишида илгари сурилган вазифалар юзасидан кенг қамровли тушунтириш ишларини ўтказди. Тарғибот тадбирида Қарши шаҳридаги элликка яқин МФЙ раислари ва фаоллари  қатнашди.

Дарвоқе,  Муҳаббат Шарапова  Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг олий тоифали математика фани ўқитувчиси. Қарийб 50 йилдирки, ўқитувчилик касбини ардоқлаб келаётир. Аниқ фанларга қизиқадиган қобилиятли ўқувчиларни тарбиялаб, уларни математика фани бўйича Республика ва халқаро фан олимпиадаларида  юқори натижаларни қўлга киритишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Қувонарлиси шундаки, бугунги  кунда унинг ўқувчилари чет давлатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида таълим олиб ўз билимларини кенгайтиришяпти. Муҳабббат опа эса ёшларнинг ҳар бир ютуғидан қувониб, фахрланиб яшамоқда.

Дарвоқе,  Муҳаббат опа Шаропова вилоят хотин-қизлар Кенгаши фаоли сифатида  ҳам   фаолият юритиб, ёш оилаларга ўз кўмагини бермоқда. Хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш бўйича йўл-йўриқлар ва тавсиялар бериб келаётир.

Шу кеча-кундузда фаол тарғиботчи партиядошимиз маънавият гуруҳига уюшиб, барча шаҳар ва туман маҳаллаларида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги  муносабати билан одамлар ўртасида  ислоҳотлар мазмунини кенг тушунтиряпти. Шу билан биргаликда  Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сурилган  вазифалар  моҳияти ҳам унинг маърузасида ўз аксини топмоқда.

 

 Дилрабо ЧОРИЕВА,

                      Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят Кенгаши

                      бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+