Фаолият танқидий таҳлил қилинди

29.11.2023 14:11:52

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги ПҚ- 5130 сонли Қарори ижроси ва келгуси режалар тўғрисида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишга мазкур филиалда фаолият юритаётган шифокорлар, тиббиёт ходимлари, РИО ва РИАТМ мутахассисларидан таянч ҳаракат тизими ўсмалари жарроҳлик бўлими шифокори Расулбек Давлетов, патоморфология бўлими шифокори Роман Матрасулов, шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган онкологлар, онкогинекологлар, цитологлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда филиал директори Тоҳир Палванов таъкидланганидек, Давлатимиз томонидан соҳа ривожи учун қаратилаётган эътибор ва берилаётган имкониятлар ва ундан самарали фойдаланиш орқали фуқаролар орасида онкологик касалликларининг олдини олиш каби фикр ва мулоҳазалари қайд этилди.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятда етти мингдан ортиқ беморлар онкологик касаллик билан ҳисобда турганлиги ва 2023 йилнинг 10 ойи давомида 1124 нафар бемор янгидан ҳисобга олингани тўғрисида гапириб, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида сўз юритди.
Йиғилиш давомида филиалнинг даволаш ишлари бўйича муовини Отахон Тажиддиновнинг ҳисобот даврида вилоятда онкологик хизмат ҳолати бўйича слайдлар кўринишидаги ҳисоботи тингланди.

Ҳисобот даврида 108716 нафар аёл онконазорат текширувидан ўтказилган. Унда, Боғот, Гурлан, Урганч, Хазорасп, Хива, Шовот, Янгибозор туманларида онконазорат текширувидан ўтказилган аёллар сони беш минг нафардан кам бўлиб, ишга масъулиятсизлик билан қаралгани раислик қилувчи Тоҳир Палванов томонидан қаттиқ танқид остига олинди.

Шундан сўнг, филиалнинг рентгенолог шифокори Баҳодир Ҳайитбоев йил бошидан 45-65 ёш аёллар ўртасида мобил маммография ўтказиш бўйича режа қилиниб, бугунги кунда 6854 аёл текширувдан ўтказилиб 49 нафар аёлда сут бези саратони касаллиги тасдиқланганлигини таъкидлади.
Раислик қилувчи, бу йўналиш бўйича ҳам танқидий муносабат билдирди ва йўл қўйилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари юзасидан бир қатор таклифларни бериб, натижаси қаттиқ назорат остига олинганини билдирди.
Шунингдек, аёлларни онконазорат, мобил маммография текширувларидан ўтказишда маҳалла раислари ва уларнинг хотин-қизлар фаолларини ҳам жалб қилиш, аҳолини тиббий билим ва маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш жуда муҳим эканини таъкидлаб, шаҳар ва туманларга беркитилган масъул мутахассислар зиммасига   тегишли вазифаларни юклади.
Шундан сўнг, РИО ва РИАТМдан ташриф буюрган бир гуруҳ мутахассислар томонидан   марказнинг Хоразм филиалида олиб борилаётган намунали ишлар, камчиликларга танқидий ёндашув ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари тизимли йўлга қўйилгани хусусида гапирилди ва таъкидланди.
Тадбир сўнг шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган онкологларнинг фикрлари, таклиф ва мурожаатлари эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан келгуси режалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилиниб амалиётга йўналтирилди.

 

                                                                                                                 Замира Абдуллаева,
"Адолат" СДП
Хоразм вилоят Кенгаши Матбуот котиби. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+