Фарғона туманида хотира турнири ўтказилди  

03.06.2021 18:06:37

Фарғона тумани "Чинор таги" истироҳат боғи бугун ҳар кунгидан ҳам гавжумроқ. Туманимизда ёш авлоднинг келажагига, уларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиб, бахтли болалик гаштини суришлари ҳамда келажакда Она ватанимиз байроғини жаҳон узра кўкларга кўтаришлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, имкониятлар яратилмоқда.

1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан водиллик Хамид полвон ва Темир полвонлар хотирасига бағишланган Халқаро "Хотира турнири"да ҳам айнан ёш авлоднинг баркамол, етук бўлиб камол топишларига хизмат қиладиган ўзгача бир турнир ташкил этилди. Даставвал, болажонларимиз учун Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг ёшлари томонидан саҳна кўринишлари, концерт дастурлари намойиш этилди.

Шундан сўнг ҳар йили яхши анъанага айланиб келаётган белбоғли кураш тури бўйича водиллик Хамид полвон ва Темир полвонлар хотирасига бағишланган Республика турнирига старт берилди. Мусобақада Республиканинг барча вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Россия давлатларидан ҳам спортчилар иштирок этдилар.

Турнир 1, 2 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу турнирнинг биринчи кунида турнирни очиб бериш учун туман ҳокими Ш.Мўминов ҳамда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Х.Ахмедовлар сўзга чиқди ҳамда турнир иштирокчиларига омад тилади.

Қувонарлиси, ушбу турнирда қизларимизнинг ҳам фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаётганликларидир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона туман Кенгаши депутатлари Озодахон Дадажонова, Файзулло Мирзаев, “Адолат” СДП туман Кенгаши раиси Нодирбек Каримовлар ҳам ушбу тадбирда иштирок этиб, қизлар ўртасида бўлиб ўтган курашда фахрли ўринларни эгаллаган Ғаниева Моҳина, Комилова Одина, Аминжонова Дилёра, Абдурахмонова Сарвиноз, опа-сингил Сулаймонова Санобар ва Дилоромларни ғалабалари билан табриклаб, келгуси фаолиятларида омад ва зафарлар тиладилар.

 

О.ДАДАЖОНОВА,

Фарғона туман Кенгаши депутати,

Н.КАРИМОВ,

Адолат СДП Фарғона туман Кенгаши раиси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+