Фарғонада депутат ташаббуси билан 50 нафар болажонларга хатна тўйи ўтказилди.

02.06.2024 14:06:05

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги «Райҳон» тўйхонасида тумандаги эҳтиёжманд оилаларнинг 50 нафар фарзандларига хатна тўйи бўлиб ўтади. Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси Қўштепа туман Кенгаши депутати, «Марғилон саховати» хайрия ҳаракати раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов ташаббусига «лаббай» деб жавоб берган саховатли инсонлар ҳомийлигидаги тўй болалар ва уларнинг яқинлари ҳаётида унутилмас лаҳзаларга айланишига ишонамиз. Мана бирин-кетин тўй болалар ва уларни ота-оналари, қариндошлари кириб кела бошладилар.

Тўй болаларнинг қувончи чексиз. Улар бир хил тўй либосларида тантанали кутиб олинди. Болажонларни қутлаш учун келаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, саховатли инсонлар сектор раҳбарлари, Фарғона вилоят Кенгаши жамоаси ва партия фаоллари иштирок этдилар.

Дастлаб болажонларни туман ҳокими Анваржон Абдуллаев қутлаб, болажонларга мустаҳкам соғлик тилаб, ота –оналари уларни роҳатини кўришларини тилади.

Шундан сўнг Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси республика Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари, «Адолат» газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроевлар болажонларни қувончли онлари билан қутлаб, хайрли тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Тилаклар тилакларга уланди. Эл ардоғидаги хонандаларнинг самимий тилаклари ва қўшиқлари болажонлар учун яна бир муносиб туҳфа бўла олганига ишончимиз комил. Айниқса, тантана давомида 50 нафар болажонларнинг ҳар бири учун ҳозирланган велосипедлар уларни ҳаётидаги унутилмас ва қувончли кунга айланди.

— Бугун мен жуда ҳам хурсандман. Тўйим бўлишини орзу қилардим. Мана катта тўйхонада, чиройли кийимларда тўйим бўляпти. Ман ҳамма саховатли амакиларимга раҳмат, дейман дейди тўй болалардан бири Бобуржон

-Дунёда энг катта бахт бу фарзандингни кўзидаги қувонч. Тақдир экан. Турмуш ўртоғим ҳаётдан эрта кетдилар. Норасида гўдакларим билан қолдим. Ёлғиз болаларни катта қилиш осон эмас. Аъзамжон ва уларни атрофидаги саховатли инсонларга раҳмат. Доимо озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, бизга ёрдам қилиб туришади, дейди Санобархон.

-Бугунги тўй эса болажоним учун жуда катта совға. Яна велосипедларни совға қилишди. Кўзларимда севинч ёшлари. Биздек оилаларни қўллаётганларга раҳмат, асло кам бўлишмасин, деймиз. Оллоҳ мартабаларини улуғ қилсин.

Тўй тантанаси барчага чинакамига қувонч бахш этди.

-Мен жуда бахтиёрман. Ҳар сафар хайрли мақсадимни ватандошларимизга айтганимда доимо мени қўллаб –қувватлаётганликлари учун чексиз миннатдорман. 1 июнь куни Қўштепалик эҳтиёжманд оилалар фарзандларига тўй қилиб берсак, деган ташаббусни айтганимда улар ҳам мени қўллаб –қувватладилар. Болаларни хурсандчилиги, боламга қандоқ тўй қилиб бераман, деган минг ўкинч билан яшаётган оналарнинг қувончини ҳеч қандай давлатга алишиб бўлмайди, -дейди тадбир ташаббускори, Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, «Марғилон саховати» хайрия ҳаракати раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов. – Бизни қўллаган ҳамма ватандошларимизга раҳмат.

Адолатчиларга раҳмат… Бу сўз тўйни ҳар лаҳзасида дуоларга ҳамоҳанг янгради, десак муболаға бўлмайди.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+