Фарғонада депутат ва ёшлар учрашуви

29.02.2020 14:02:39

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Валиев фарғоналик ёшлар билан учрашди.

Тошкент тиббиёт Академияси Фарғона филиалида бўлиб ўтган учрашувда депутат ёшлар билан самимий суҳбатлашиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ҳусусида сўз юритди.  

— Партиямиз сайловолди дастурида “Илмлилик-саодатдур, илмсизлик –мусибат!” дея бежиз таъкидланмаган, – деди депутат ўз сўзида. – “Адолат” СДП таълимга  инвестиция киритишни келажакка сармоя киритиш, деб ҳисоблайди. Бу эса халқ фаровонлиги, давлат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминловчи омилдир. Мурожаатномада ҳам сайловолди дастуримизга ҳамоҳанг тарзда таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз ўз мурожаатномасида олий таълим муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, кириш имтиҳонларини соддалаштиришни таклиф қилдилар. Айниқса, олий маълумотлилар сафини шартнома эмас, давлат гранти асосида кўпайтириш масалалари халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди.

Тадбир давомида депутат бу борада олиб борилаётган янгиланишларни таништирибгина қолмай, талабаларни қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Фарғона политехника институти талабалари билан ўтган учрашув таассуротларга бой бўлди. Замонавий ахборот–коммуникация технологияларини пухта эгаллаш, ёшларнинг хорижий тилларни яхши ўзлаштириши, мукаммал дастурлар ишлаб чиқиши энг асосийси ўзининг устида мунтазам ишлаши ҳақидаги мулоҳазалари ёшларни янада шижоатли бўлишга ундади. Юртбошимиз томонидан алоҳида таъкидланган “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг ишга туширилиши ҳам айнан ёшларимизга билдирилаётган ишонч ифодаси эканлиги таъкидланди.

Тадбир сўнггида илмга ташна, интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида депутат ўзининг стипендиясини ташкил этгани ҳақида хабардор этиб, барча ёшларни унда иштирок этишга чақирди.

Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+