Фаррух Абдуҳамидов: Халқ бўлмаса давлат ҳам бўлмайди

18.02.2020 12:02:38

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги “снос”лар билан боғлиқ ҳолат охирги кунларда барчанинг диққат марказидаги асосий муаммога айланди. Рўй берган ушбу ҳолат аслида анчадан буён қоронғуликда рўй бериб келаётган муаммоларнинг асл ҳолатини яна бир бор маълум қилди. Мутасадди раҳбарлар ва Ўзбекистон бошқарувидаги кучли 50 талик рўйхатда бўлган айрим шахсларнинг халқни қоралаши бугун халқимиз турмуш фаровонлиги учун айтилаётган айрим ваъдалар халқ ҳаёти учун эмас, унинг қулоқларига тинчлик бериш учун айтилётгандай таассурот уйғотди. Хуллас қисқа қилиб “снос”лар билан боғлиқ ҳолатга бир неча фикрларимни билдираман.

Биринчидан, Олтинсойдаги ҳолатни республикамизнинг 200 дан ортиқ барча ҳудудларида учратишимиз мумкин. Ижро ҳокимияти вакиллари фақат суғориладиган жойга ҳужжатсиз қурилган битта ҳолатни байроқ қилиб олмасдан бошқа қанчадан қанча вақтида қорнини қаппайтириб ноқонуний қарор чиқариб берганларни қарорига ишониб уй қурганларнинг муаммоларини ҳам адолатли ҳал қилиши лозим.

Иккинчидан, оддий аҳоли қонунни билмай суғориладиган ерда қурилиш қилгандир. Нега қонунни билган фермер ерни сотган вақтида бунга аҳамият қаратмади? Фермер ҳам қонунни бузгандир, аммо туман фермерлар кенгаши, туман ҳокими, ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, маҳалла раиси қаёққа қаради? Бу уйлар бир кунда осмондан тушмаган. Йиллар давомида аҳоли хорижда қора меҳнат қилиб пешона тери билан қуриб битказган. Бир йилда давлатимиз раҳбари бутун бошли республикамиз ҳудудини бир бор айланиб чиқишга вақт топади. Наҳотки тумандаги масъулларда шу уйлар битгунча фермер хўжаликларини айланишга вақт бўлмаган?

Учинчидан, қайси ақл билан “снос” ишларни айнан қиш фаслида бошлашди? Аҳоли кўнганида ҳам 2 кун берилган муҳлат ичида уй жойини бузиб, қаердан яна уй қуради? Суд қарорисиз аҳолига уй-жойини бузиш учун 2 кун мухлат беришга уларга ким ҳуқуқ берган? Айнан Хоразм ва Фарғонадаги “снос”лар билан боғлиқ вазият юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ижро ҳокимияти бундай шошма-шошарлиги учун танқид қилинганди. “Бузишдан олдин сен ўзингнинг каллангни буз, мана сизларнинг дўстликларинг, қош қўяман деб кўзни чиқариб бутун Ўзбекистонни интернетда шарманда қилдиларинг” дея таъкидлаганди давлатимиз раҳбари. Наҳотки шундай тушунтиришлардан кейин ҳам тўғри хулоса чиқарилмаса.

Тўртинчидан, асосий иддао қишлоқ хўжалиги учун яроқли бўлган жойларда деҳқончилик қилиш орқали аҳоли даромадини ошириш бўлмоқда. Ваъда бериб айтаманки, республикамизнинг барча туманларидаги суғориладиган жойларга қурилган уй жойлар эгаллаб турган гектарлар минглаб гектар жойларнинг “тангасини” мутасаддиларга бериб номига боғдорчилик ва чорвачилик очиб олиб, тарвуз-қовун экиб, пахта ва ғаллани дорисини бериб ётган ерларни олдида арзимас майдон.

Бешинчидан, ўзбек халқи ҳеч қачон, моли ва буюми учун кимлар учундир қаҳрамонга айланишни истаган шахслар айтаётгандек, чегарадан чиқмайди. Халқимизнинг ғурурига, номусига тегадиган ҳаракат бўлгани учунгина бундай қаршилик рўй берган. Агар мутасаддилар халқнинг дардини тинглаб, кенгашиб, керак бўлса вилоят ё республика даражасида муаммонинг ечимига эришганда эди, бундай салбий ҳолат рўй бермасмиди.

Хулоса ўрнида. Яқинда Арнасой туман кенгаши сессиясида туман даражасидаги барча раҳбарларнинг йиллик ҳисоботи эшитилди. Туман прокурори ўз ҳисоботида 2019 йилнинг ўзида (эътибор беринг бир йилнинг ўзида) 23 та ижро ҳокимияти томонидан чиқарилган қарорлар ноқонуний бўлганини таъкидлади. 23 та ноқонуний қарорлар қанчадан қанча фуқароларимизни ўз харажатининг ҳавога учишига сабаб бўлди. Аммо бу қарорни чиқарган туман ҳокимлари ижро органи вакиллари ўз жойларида ўтиришибди. Энг ачинарлиси, туман даражасида чиқарилган ҳар бир қарорнинг туман Адлия бўлими томонидан қонунларимиз ва конституциямизга зид эмаслиги кўриб берилиш амалиётининг борлигидир.

Шу ўринда яна бир бор савол туғилади. Нега қонунлар ва Бош қомусимиз оддий халққа келганда амалда, қайсидир мансабдор шахсларга тақалганда эса аҳамиятсиз. Олтинсой туманида рўй берган ҳолат барчамиз учун сабоқ бўлиши лозим. Жамиятда қабул қилинган ҳар қандай қонундан кўзланган бирдан-бир мақсад бу халқимиз фаровонлиги. Агар халқ бўлмаса, ўша ноқонуний қарор чиқарувчи амалдорлар ҳам, минглаб гектар суғориладиган ерга эга бўлган давлат ҳам бўлмайди.

Фарруҳ АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+