Фарзандингиз келажагига эътиборлимисиз?

01.04.2021 11:04:39

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Избоскан туманидаги 6-умумтаълим мактабида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Мазкур шиор Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил  Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида алоҳида эътироф этилган.

Мурожаатномада энг катта бойлик – бу ақл-заковат, илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир, дея таъкидланган эди. Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Бу ўз ўзидан таълим тизими ходимлари зиммасидаги масъулиятни янада оширади.

Келажак авлодни бугун кун талаблари даражасида камолга етказиш учун биринчи навбатда ўқитувчининг ўзи ташаббускор, изланувчан ва юксак маънавиятли бўлиши зарур. Айни вақтда тарбия борасида ҳам катта тажриба талаб этилади. Зеро. замонавий дунёқараш ва чуқур билимга эга, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбияланган, ватанпарварлик ҳисси юксак авлодни вояга етказиш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири.

Таълим ва тарбияни бошланғич синфдан тўғри йўналтириш катта аҳамиятга эга. Чунки боланинг қандай йўл танлаши шу вақтда шакллана бошлайди. Ўз касбининг чинакам эгаси бўлган ўқитувчи ҳар бир ўқувчи билан қандай тиллашишни билади ва тўғри йўналтира олади.

Шу ўринда комил инсон тарбиясини биргина ўқитувчи зиммасига юклаб бўлмайди. Қачонки мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорликда ишласа кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Шундан келиб чиқиб тадбирда бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ота-оналарни ўз  фарзандининг тарбиясига қанчалик эътиборли эканини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилди. Бунда уларни бугунги кунда давлатимиз томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан қанчалик ҳабардор эканликларига ҳам эътибор қаратилди.

Тадбир “Мактаб ва оила” мавзусидаги саҳна кўриниши билан якунланди.

Нилуфар РАҲМОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Избоскан туман кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+