Фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда!

25.05.2021 20:05:18

Мана, бу йил ҳам сўнгги қўнғироқ садолари остида қарийб 438 минг нафар ўқувчи мактабни тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида биринчи марта мактаб битирувчиларига табрик йўллагани қалбимизни ҳаяжонга тўлдирди. 

Мен олий тоифали математика фани ўқитувчисиман.  Қарийб 50 йил мактабда ўқитувчилик қилдим. Математика фанига қизиқадиган қобилиятли ўқувчиларни тарбиялаб, уларни математика фани бўйича Республика ва халқаро олимпиадаларга тайёрладим. Ўқувчиларим чет давлатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида таълим олди ва мен уларнинг ҳар бир ютуғидан қувониб, фахрланиб яшадим!

Мана, бу йил ҳам сўнгги қўнғироқ садолари остида қарийб 438 минг нафар ўқувчи мактабни тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида биринчи марта мактаб битирувчиларига табрик йўллагани қалбимизни ҳаяжонга тўлдирди.

Сўнгги йилларда юртимизда таълим тизимига қаратилаётган доимий эътибор ўқитувчи сифатида мени руҳлантиради. Президентимиз таъкидлаганидек, “Қисқа муддатда таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилгани, хусусан, “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди”. Бу эса ўқитувчилар, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилиб, ўқувчилар эришаётган ютуқларда ўз ифодасини топмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили илм-фаннинг бир неча йўналишига устувор аҳамият қаратилади. Жорий йилда физика ва чет тилларини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу эса ёшларимизнинг халқаро тил сертификатини олиб, жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинишида муҳим омил бўлаётир.

Давлатимиз раҳбари кейинги икки йил давомида ёшларимизнинг пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмаларини эгаллаганини  алоҳида қайд этди.

Ўз устида тинимсиз ишлаб изланаётган, иқтидорли ёшлардан бири, Қарши шаҳридаги 44-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси Шуҳрат Йўлдошев бу йил бир йўла 16 та халқаро ОТМга ўқишга қабул қилинди.

Жумладан, Малайзиянинг Xiamen  университетига 100 фоиз грант асосида қабул қилингани барчамиз учун қувонарлидир.

Айни пайтда у август ойида бўладиган TOEFL  ва CAT халқаро имтиҳонларига тайёргарлик кўрмоқда.

 Юртимизда таълим сифатини янги босқичга кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз мевасини беряпти. Бугун Шуҳрат каби иқтидорли ёшларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Уларнинг эришаётган муваффақиятлари замирида таълимга қаратилган эътибор, фарзандларимизнинг билим олишлари учун яратилган шарт-шароит ётади.

Бугун 25 май, мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинади. Мустақил ҳаётга йўл олаётган йигит-қизларнинг орзуларига қулоқ тутарканман, шу Ватан корига яраш истагини кўриб, улар билан фахрланаман! Қолаверса, фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда эканини яна бир бор ҳис этаман.

Муҳаббат ШАРАПОВА,

Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган

умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг

математика фани ўқитувчиси,

 Ўзбекистон Қаҳрамони

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+