Фермерлар саховати

27.06.2022 17:06:50

Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили Давлат дастурида кам таъминланган, якка-ёлғиз кексаларни ижтимоий ҳимоя қилишга кенг ўрин берилган. Мазкур йўналишда жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса меҳр-шафқат ва саховат каби олийжаноб фазилатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганлигидан далолатдир.

Юртимизнинг ҳамма ерида бўлганидек, айни вақтда  Тўрақўрғон туманида ҳам шу кунларда ғалла ўрим-йиғими жадал давом этмоқда. Комбайнлар шиддат билан ишлаб, омборларга тонналаб ҳосил тўкилмоқда.

 -Ғаллакорларимиз бу йил  4880 гектар майдонда буғдой етиштирилиб, давлат омборларига 14742 тонна ҳосил топширишга аҳд қилишган, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. -  Ҳозиргача 91 та фермер хўжалигининг 38 тасида шартномавий режа бажарилди. "Ғайрат Ғолибжонович","Комилов Турсунбой","Комилжон ота ЭОК",  "Ибрат файз толаси","Элназар, Эшназар" каби хўжаликларда 65-70 центнердан хирмон кўтарилди. Бошқалар ҳам  тез кунларда  зафар маррасига етиб келадилар.

наманган2_3

Яқинда бир гуруҳ саховатпеша фермерлар ажойиб ташаббус бошладилар. Улар  кам таъминланган оилаларга ўз ихтиёрлари билан эҳсон ажратишга қарор қилдилар. Тумандаги   2322 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига бугунгача 150 килограммдан дон тарқатилди. Сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари бу ишга бош бўлишди. Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати шу ҳақда хабар берди.

Мисол учун, “Юқори Мўғултой” маҳалласида истиқомат қилувчи Жалолдин Тошпўлатов ғамхўрликдан энг аввалги навбатда баҳраманд  бўлди. Туман ҳокимлиги вакиллари 3 қоп буғдойни хонадонига олиб келиб берганларида, ич-ичидан қувонаётгани унинг юз-кўзларида акс этди.

 Мастура Мўминованинг хурсандлиги эса севинч ёшларида сезилди. Чунки унинг 2 нафар ногирон фарзанди бор, ўзи «Аёллар дафтари»да туради.

Тўрақўрғонлик фермерлар  ташаббуси бошқа туманларда ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+