Фидоий касб эгалари

25.06.2021 15:06:24

Бугунги кун бошқа, давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгармоқда. Шу билан бирга кечаги ва бугунги кун журналистикасида ҳам туб бурилишлар бўлмоқда. Ҳозирги замон журналистидан очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва ҳаққонийлик принциплари асосида фаолиятларини ёритиб бориши, таҳлилий-танқидий ёндашувлар асносида давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк бўла олиши талаб этилмоқда. Бошқа соҳаларни билмадим-у, қалам аҳли кўнгил одамлари бўлишади.

Журналистни жамиятнинг виждони дейишлари бежиз эмас. Негаки, жамият тараққиётининг ҳеч бир қирраси журналистнинг синчков нигоҳидан четда қолмайди. Ундаги қусурларга муросасиз бўлиб, танқидий, таҳлилий мақолалари билан камчиликларни бартараф этиш пайида бўлади. Француз ёзувчиси Стендаль «Одамзот бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишилар онгига сингдириш буюк санъатдир» деган эди. Ҳақиқий журналист шундай санъатни мукаммал эгаллаган инсонлар тоифасига киради. Журналистлик осон касб эмас. Шу боис у вақтни қизғанади, изланишни камолот калити деб билади.

Бугун жамият ҳаётида муҳим роль ўйнайдиган ва «тўртинчи ҳокимият» деб ном олган оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин.

Телевидение, радио ва матбуот сафига бугунги кунда интернет журналистикаси, ижтимоий тармоқлар ҳамда фуқаролик журналистикаси ҳам кириб келди. Яъни, янги техник имкониятлар билан шаклланган журналистика кўринишлари интерактив журналистика тараққий этишига замин ҳозирлади. Айнан интерактив имкониятлар туфайли интернет оммалашди.

Журналист – ижодкор. У одамларни фикрлашга, бирор муаммо юзасидан мушоҳада юритишга ундовчи, пировардида, жамият тараққиётига ҳисса қўшувчи, ҳаёт билан ҳамнафас, бошқалардан бир қадам олдинда юрадиган кишидир.  Журналистлар жамиятда бўлаётган ўзгаришларни, ижтимоий муҳитни ҳаммадан олдин илғайди, уни тезкорлик билан халққа етказади.

Журналист аҳлининг машаққатли ва шарафли меҳнатидан, таъсирчан сўзи ва ижодий маҳоратидан ҳар куни баҳраманд бўладиган миллионлаб одамлар улар тимсолида эл-юрт манфаатини ўйлаб яшайдиган фидойи инсонларни, олижаноб касб эгаларини кўради.

Айтиш керакки, ўзбек матбуоти вакиллари ҳам жаҳон ахборот маконида ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда, хорижий ҳамкасблари билан мулоқот ва баҳс-мунозарада ўзининг юксак маҳоратини намоён этмоқда. Бундай юксак масъулият ижтимоий-иқтисодий турмушнинг барча жабҳаларидаги янгиланишларга дахлдор бўлиш, жамият ҳаётидаги ютуқ ва камчиликларни ўз вақтида кенг омма ихтиёрига ҳавола қилиш ва уларда маълум ижтимоий муносабатни шакллантиришни талаб этади. Ўз навбатида, Президентимиз журналистларга қилаётган ҳар бир мурожаатида айни шу мураккаб ва қалтис замонда дунёда, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур идрок этиш, уларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун, аввало, одамларда мустақил фикрлаш ва яна бир бор мустақил фикрлашни шакллантириш талаб қилинишига алоҳида тўхталмоқдалар. Буларнинг барчаси оммавий ахборот воситалари вакиллари олдига янада шарафли вазифани қўймоқда. Барча жабҳаларда оммавий ахборот воситаларининг роли ва ўрнини кучайтириш ҳар қачонгидан кўра муҳим бўлиб бормоқда.

Маълумки, айни даврда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти стратегиясида ахборотлашган жамият бунёд этиш, уни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бундай истиқболли вазифаларнинг амалга оширилиши илғор демократик ҳуқуқий давлат қуриш, кучли фуқаролик жамиятини равнақ топтириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада юксалтиришга қаратилган эзгу мақсадларимиз рўёбига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Мен шу фурсатлардан фойдаланиб, глобаллашув жараёнида жамиятимизнинг ҳаётида муҳим ўрин олган фидойи касб эгаларини яқинлашиб келаётган 27-июнь матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан муборакбод этаман. Барчангизга куч-қувват, мустаҳкам ирода, жамиятда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда улкан ташаббускорлик ва муваффақиятлар тилайман!

 

Сардор ОЧИЛОВ,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+