Фракциялар йиғилишида муҳим масала кўриб чиқилди

24.11.2022 17:11:16

2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизини ташкил этувчи “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган деган ёндашув Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдирилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, сиёсий партиялар фаоллари, ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Пировардида умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Бундан ташқари, сиёсий партия фракциялари аъзолари ўз тавсияларини Бош қомусимизда акс эттириш мақсадида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан таклифларни қабул қиладиган ва умумлаштирадиган “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим йўлга қўйилди. Мазкур тизим орқали фракцияларга тақдим этилган фикр ва таклифларни муҳокама қилиш ҳамда масъул қўмиталарга йўналтириш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, ушбу жараёнда фракция аъзолари жамоатчиликнинг кенг қатламлари вакиллари билан очиқ мулоқот тадбирлари ўтказиб, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича таклиф-мулоҳазалар олишга алоҳида эътибор қаратди.

Фракциялар аъзолари Конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирар экан, халқимизнинг таклифлари асосида шакллантирилган конституциявий қонун лойиҳасида давлатнинг ишсизликни тугатиши, солиққа тортишнинг адолат принципларига мос бўлиши, давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиши, меҳнат ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши, аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилишини белгилаш ва бошқа шу каби таклифлар ўрин олганини алоҳида эътироф этишди.

Депутатлар Конституциявий комиссия ҳамда масъул қўмиталар томонидан амалга оширилган ишларни маъқуллашди. Конституциявий қонун лойиҳасини жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиришга қаратилган таклифларни илгари суриб, ўзларининг позицияларини билдиришди.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида фракциялар олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+