Фуқаро нега таҳқирланди?

25.05.2021 16:05:55

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шахрисабз шаҳрида содир бўлган ачинарли ҳолат кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди. Фуқаро Нодира Ўринова Шахрисабз шаҳар ҳокими қабулига шикоят билан мурожаат қилади. Хокимиятдагилар эса унинг дардини тинглаш, муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериш ўрнига бир муштипар аёлни жамоат тартибини бузганликда айблаб, бир кун мажбурий тартибда руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутатлар иштирокида биз ушбу воқеани атрофлича ўрганиб чиқдик. Аниқланишича, фуқаро Нодира Ўринова 1964 йилда Шахрисабз туманида туғилган. 2018 йилда унга Президентимиз қарорига асосан кам таъминланган оила сифатида уй-жой бепул ажратиб берилган. 2018 йилда Шахрисабз шаҳар ҳокими томонидан фуқаро Нодира Ўриновага гилам, 2019 йил август ойида эса “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан совутгич ва ҳомийлар томонидан бир миллион сўм пул маблағи  берилган.

Нодира Ўринованинг 2020 йил июнь ойида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинига ёрдам сўраб қилган мурожаатига асосан, 2-сектор раҳбарияти томонидан уйининг шифт қисми таъмирлаб берилган. “Темир дафтар”га рўйхатга турганлиги учун шаҳар хокимлиги томонидан барча ёрдам кўрсатиб келинади.

Ҳақиқатдан ҳам фуқаро Нодира Ўринова “Параниал синдром” ташхиси билан шаҳар тиббиёт бирлашмаси муассасаларида руйхатда туради. У шаҳар ҳокимига муаммоларини енгиллаштириш учун шикоят билан борганида жамоат тартибини бузмаган. Фуқаро сифатида ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шаҳар ҳокимлигидаги мутасаддилар Президентимиз қайта-қайта таъкидлаётганларидек, фуқароларнинг арз шикоятини обдон ўрганиб, муаммоларини бугуннинг ўзида ҳал этиш чорасини кўришлари керак эди. Бироқ шаҳар ҳокимлиги масъуллари фуқарога нисбатан ўта қўпол муомала қилишган. Бунинг устига шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари ҳам Нодира Ўриновага шавқатсизлик қилишган.

Дарвоқе, амалдаги қонун ҳужжатларида Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган ҳар бир миллат ва элатлар тенг ҳуқуқли эканлиги аниқ, тиниқ ёзиб қўйилган. Шундай экан одамларнинг мурожаатларини ўрганиш, уни ўз вақтида ижобий ҳал этишга кўмаклашишга барча давлат идоралари масъуллари жавобгар эканлиги белгиланган. Биз ана шу бурчни мутасаддиларга тушунтирдик.

Самариддин ЗАЙНИДДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шахрисабз шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Шахрисабз шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+