Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари такомиллаштирилмоқда

22.11.2023 12:11:02

Бугунги кунда, инсон ҳаёти, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.

“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимига айлантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш бизнинг бугунги кундаги устувор вазифамиз бўлиши лозим.

Суд ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, энг аввало, халқ манфаатларини кўзлаб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, уларнинг судга нисбатан бўлган ишончи ортишига, суд ҳокимияти обрўсини янада оширишга, унинг ҳақиқий мустақилликка эришишига қаратилган.

Кейинги беш йил мобайнида суд ҳокимиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда муҳофаза қилувчи чинакам мустақил органга айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
 “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам мустаҳкамланган. Жумладан, Асосий тамойилимиз – адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Биз суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдоримиз.
Бунда, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришишимиз муҳим масалалардир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги меҳнат муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Бунга фақатгина фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш орқали эришилади.
Жамиятимизнинг ривожланиши замонавий тенденциялари меҳнат соҳасида вужудга келаётган муносабатларга янги талаблар қўймоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат муносабатларига доир жами 11112 та иш кўрилган бўлиб, шундан 6863 таси (61,8%) қаноатлантирилган, 1729 таси (15,6%) рад қилинган, 2142 таси (19,3%) кўрмасдан қолдирилган, 378 таси (3,4%) иш юритишдан тугатилган.
2023 йилнинг 9 ойи давомида эса жами 10971 та иш кўрилган бўлиб, шундан 7263 таси (66,2%) қаноатлантирилган, 1376 таси (12,5%) рад қилинган, 2000 таси (18,2%) кўрмасдан қолдирилган, 332 таси (3%) иш юритишдан тугатилган.
Юқоридаги статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, меҳнат муносабатларига оид низолар йилдан йилга кўпайиб бормоқда ва даъво аризаларининг қаноатлантирилиши кўрсаткичи ҳам юқори.
Ушбу ҳолат иш берувчилар томонидан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик нормаларига тўлиқ риоя этилмаётганлигидан далолат беради. Барчамизга маълумки, Президентимиз томонидан 2022-йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида 294 та модда мавжуд бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 581 та моддадан иборатдир.
1995 йилдаги биринчи таҳрирдаги Меҳнат кодексидан фарқли равишда, янги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнатни таъқиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланди.
Бу эса судьяларнинг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талабларини ўзлаштириши ва мукаммал ўрганиши, уни амалиётга татбиқ этиш учун муайян суд амалиётини шакллантириш учун кўникмага эга бўлиши талаб этилади.
Меҳнат низолари – бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.
Меҳнат низолари – бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.
Янги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.
Янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши муносабати билан суд амалиётида меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган фуқаролик ишларини кўриш жараёнида юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва бир хилдаги суд амалиётини шакллантириш мақсадида эски таҳрирдаги Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракт)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида«ги 1998-йил 17 апрелдаги 12-сонли Қарорини қайта кўриб чиқиш зарурияти туғилди.
2023-йил 20 ноябрда янги таҳрирдаги Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракт)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида«ги қарори қабул қилинди.

Мазкур Пленум қарорини тайёрлашдан мақсад меҳнат низоларининг айрим тоифаларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятларини таҳлилий шарҳлаш орқали қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашдан иборатдир.
Мазкур Пленум қарорида меҳнат қонунчилиги нормаларини амалда қўллашнинг турли жиҳатлари кўрсатиб ўтилган.
Янги Меҳнат кодексига фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш ва мазкур шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш масаласида янги норма киритилди. Шунингдек, янги Меҳнат Кодексида судга мурожаат қилишнинг муддатлари юзасидан ҳам ўзгаришлар киритилди.

Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб, бир ой муддат белгиланган эди. Янги Меҳнат кодексида ушбу муддат, яъни ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой этиб белгиланди. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан Пленум қарорининг 6 ва 7-бандларида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим йўқ бўлганлиги ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шартлигига ҳамда иш берувчи ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини почта орқали юбориш учун розилигини олмасдан почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборишга ҳақли эканлигига судларнинг эътиборини қаратиш ҳақида тушунтиришлар берилди.

Хусусан, суд амалиётида меҳнат шартномасини бекор қилишда эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 97-моддаси (тарафларнинг келишуви билан ) ва 99-моддаси (ходимнинг ташаббуси билан) қайд этилган нормалар юзасидан кўплаб низолар келиб чиқарди, шу сабабли янги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилишда тарафларнинг келишуви меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилиши, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шартлиги ҳақида янги норма киритилди. Шунингдек, янги Меҳнат Кодексида дастлабки синов муддатлари юзасидан ҳам ўзгаришлар ўрин олди.

Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмаслиги белгиланган эди.

Янги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керакли белгиланди. Меҳнат шартномасини дастлабки синов шарти билан тузишдан мақсад, бир томондан ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириш бўлса, бошқа томондан ходим меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг ўзи учун мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келишдир.

Шу муносабат билан Пленум қарорининг 10- ва 11-бандларида меҳнат шартномасида дастлабки синов шартлари батафсил баён қилинган.
Қарорининг 12-бандида эса, судлар дастлабки синовдан ўта олмаганлиги сабабли ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилинишининг қонунийлигига оид даъволарни кўришда иш берувчи бундай асослар билан фақат дастлабки синовнинг натижалари қониқарсиз бўлгандагина, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эканлиги, ходимнинг меҳнат шартномасида белгиланган ишни бажара олмаслиги аниқ фактлар асосида тасдиқланган бўлиши лозимлиги ҳолатларни эътиборга олиши кераклиги ҳақида батафсил тушунтиришлар берилган.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинаётган мазкур Пленум қарори айни вақтдаги ягона суд амалиётини шакллантириш ҳамда иш берувчи ва ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда муҳим раҳбарий кўрсатма бўлиб хизмат қилади.

Гулнафис ХУДАЙБEРДИЕВА,
Навоий вилоят суди судьяси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+