Фуқоролар фаоллиги жуда муҳим

28.06.2022 17:06:54

Шу кунларда мамлакатимизда  улкан аҳамиятга эга бўлган сиёсий жараён давом этмоқда.  “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу борада “Адолат” СДП вилоят ташкилоти фаоллари ҳам алоҳида дастур асосида ҳаракат қилмоқдалар. Шаҳар ва туманларда ҳар куни иккитадан корхона, ташкилот, муассаса ёки маҳалла фуқаролар йиғинида учрашув ва давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар ўтказилмоқда.

Халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқелик – Асосий қонунимизга замон талабларидан, фуқароларимиз истак ва хоҳишларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштиришга қаратилган демократик ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётган яққол кўзга ташланмоқда. Эътиборли жиҳати - фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда. Конституциямизга бугунги даврга мос равишда яъни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурлигини ҳамма маъқулламоқда. Чунки вақт ўтган сари нафақат ҳар бир инсоннинг, балки жамиятнинг ҳам  дунёқараши ўсиб бориши натижасида талаб ва истаклар  ўзгариб бориши аниқ. Демак, барча соҳада бўлганидек, Конституцияда ҳам ўзгаришлар ва янгиликлар бўлиши керак.

Юқорида тилга олинган қонун лойиҳасини кенг жамоатчиликка таништиришдан олдин вилоят партия кенгашида йиғилиш ўтказиб, фаолларимизга масаланинг моҳияти пухта тушунтирилди. Депутатлар, БПТ раислари, барча маслакдошларимизни бу муҳим ишга жалб этиш кераклиги таъкидланди. Кундалик ҳолат махсус ишчи гуруҳ томонидан назорат қилиб борилмоқда. Тарғибот айниқса, Наманган шаҳрида, Учқўрғон, Давлатобод, Мингбулоқ, Янги Наманган туманларида изчил олиб борилмоқда.

Мисол учун, Давлатободдаги 5-оилавий поликлиникада ташкил этилган тадбирни олайлик. Уни партия туман кенгаши раиси Венера Отажонова олиб борди. Дастлаб биринчи ўқишда қабул қилинган конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.   Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутилаётганлиги таъкидланди. Бундан ташқари, 6 та янги модда  билан  16 та янги  норма киритилмоқда.

Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилаётганлиги диққатга сазовордир. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларнинг иш ҳақини камайтиришнинг таъқиқланиши, болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши Конституция билан белгиланаётгани ҳаммага маъқул тушди. Фуқаролар фаоллик кўрсатиб, қатор таклиф ва мулоҳазаларни баён этишди.

Бош қомусимиз  халқчил, инсон қадрини янада улуғлашга хизмат қиладиган  ҳужжатга айлантиришга партиядошларимиз ўз ҳиссаларини қўшаверадилар.

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,

  “Адолат”  СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+