Ғамхўрликдан миннатдормиз

01.07.2022 13:07:04

Мамлакатимизда навқирон авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларга оид давлат сиёсати муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тенгдошларимизнинг таълим-тарбия олишлари, замонавий, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратилаётганлиги диққатга сазовордир. Куни кеча бўлиб ўтган Ёшлар кунида бу борада қилинган ишлар сарҳисоб қилинди, янги вазифалар белгиланди. Бундай ғамхўрликлар ҳаммамизни қувонтиради. Айни пайтда янада яхшироқ ўқишга ва меҳнат қилишга, Ватан олдидаги бурчимизни кўнгилдагидай бажариш учун руҳлантиради.

Байрам тантаналарининг асосий қисми пойтахтимизда бўлиб ўтди. «Янги Ўзбекистон» боғида ташкил этилган тадбирларда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. У боғда Беш ташаббус йўналишлари бўйича ташкил этилган павильонлар фаолияти билан танишди, ёшлар билан мулоқот қилди. Давлатимиз раҳбари тадбир иштирокчилари ҳузурида сўзлаган нутқи менда катта таассурот қолдирди. У бошидан охиригача ёш авлод ҳақида ғамхўрлик руҳи билан суғорилган, дея бемалол айтиш мумкин.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозирга қадар «Ёшлар дафтари»га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм сарфланган. 2 йил ичида 174 минг нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилган.тҳ Бир йил давомида тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм йўналтириш орқали 220 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. 130 минг нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқиши учун 160 миллиард сўм субсидия ажратилади. 110 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз эса, давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига жойлаштирилади. Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 250 миллиард сўм субсидия ва компенсациялар берилади.

Бу, қуруқ ҳисобот эмас. Келтирилган ҳап бир рақам ортида минглаб йигит-қизларнинг тақдири мужассам. Бу, уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади, келажакка ишончини мустаҳкамлайди, албатта.

Яқинда Косонсой туманида ташкил этилган фестивалда қатнашишга тўғри келди. Тадбирда сўзга чиққанлар навқирон авлод бахт-саодати йўлида қилинаётган бир қатор ишларни айтиб беришди. Шу йилнинг ўзида беш мингдан зиёд ёшларга ҳаётда ўз ўринларини эгаллаш учун амалий ёрдам кўрсатилибди. Хусусан, 500га яқин талабанинг контракт маблағларини тўлашда ёрдам қилинган. 400 нафар ёшларга ўзларини банд этиши учун меҳнат қуроллари етказиб берилган. Қарийб уч минг кишига деҳқончилик учун экин майдони ажратилган.

Бундай мисолларни республикамизнинг ҳар бир тумани ёки шаҳри ҳаётидан келтириш мумкин. Демак, ёшларга эътибор ҳамма ерда юксак даражада. Бундан кейин ҳам шундай бўлади, деб ўйлаймиз.

Абдулбосит СОБИРХОНОВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши фаоли,

«Ёшлар парламенти» аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+