Гендер тенглиги – долзарб масала

13.12.2022 15:12:11

Кейинги йилларда мамлакатимизда аёлларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, гендер тенглигини таъминлаш доирасида бажарилаётган ишлар салмоқли. Шу ўринда айтиш жоизки, гендер тенглигининг ўзи нима? Мухтасар келтирадиган бўлсак, гендер стратегияси доирасида гендер тенглик тушунчаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини англатади.

Ўзбекистонда шу хусусдаги бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Айниқса, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.

- Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак, - дейди фахрий педагог Неъматжон Бобохонов. - Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал бермасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.

Халқаро миқёсда ва миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устуворлик касб этади. Мамлакатимизда ҳам Конституциясининг 26-моддасида: «Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас», деб белгилаб қўйилган.

Наманган вилоятида ҳам «Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни», «Ҳаммамиз биргаликда зўравонликка қаршимиз», «Зўравонликсиз оила-фаровон ҳаёт сари!» шиори остида семинар тренинглар ўтказилмоқда. Яқинда Косонсой туманида ташкил этилган тадбирлардан бирида вилоят ҳокимини ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Якубова томонидан жамият турли соҳалари ишда, ўқишда, оилада аёл ва эркак ўртасидаги муносабатларда аёлга нисбатан тазйиқ зўравонлик ва куч ишлатиш ҳолатларида хотин-қизларнинг қонун билан ҳимояланганликлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Наманган вилояти бандлик бошқармаси бошлиғи Зафар Икромов, Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ёқубжон Жамолов эса ўз соҳаларида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзладилар.

Гендер тенглигини таъминлаш доирасида «Адолат» СДП ташкилотлари ҳам қатор тадбирлар ўтказдилар. Партиянинг Наманган шаҳар Кенгаши Наманган педагогика институти талабалари билан уюштирган давра суҳбатида ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда иштирок этган Кенгаш раиси Мирзараҳмат Олимов гендер тенглиги бўйича фикр- мулоҳазаларини баён этди. Талабалар томонидан берилган саволлар бўйича тегишли тушунчалар берилди.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+