Гендер тенглик ижтимоий муносабатларда долзарб аҳамиятга эга

10.11.2022 16:11:32

Гендер тенглик жамият ривожида муҳим бўлган ижтимоий муносабатларда долзарб аҳамиятга эга эканлиги бугунги кунда янада яққол намоён бўлмоқда. Бугун оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер тенглик сиёсатидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

Гендер тенглик тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишида. Бу эса ўз навбатида ҳар бир мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ўсишга эришишда катта ёрдам бериши табиий.

Барчага маълум, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида «Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш»га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди. Бешинчи мақсадга кўра гендер тенглик мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини таъминлаш учун тенг имкониятларни яратиши зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқдаки улардан масалан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштирилиши, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини ташкил топиши, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини оширилиши, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитилиши шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглик ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган. Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб, бу жараённи янада такомиллаштириш мақсадида гендер адолат етакчиси платформаси ишга туширилди. Гендер адолат етакчиси платформасини ишга туширишдан кўзланган мақсад ҳам гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни ҳамда ёшлар ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш, соҳага доир давлат дастурлари ижросига кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш орқали хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам беришдан иборатдир. Қайд этилишича, бу тузилма «Гендер адолат етакчиси» жамоаси ҳисобланади.

«Гендер тенглик — жамиятда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим механизм. Яъни, ҳеч кимнинг, у эркакми, аёлми, ҳуқуқи камситилмаслиги ёки топталмаслиги керак. Аммо ҳаётда ҳуқуқи бузилаётган шахслар, айниқса хотин-қизлар, опа-сингилларимиз учраб туради. Уларни ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш, жамиятдаги мавқейини ошириш бизнинг асосий мақсадимиз.

2030 йилга қадар қабул қилинган Гендер Стратегиясида акс этган 8 та йўналиш бўйича фаол ёшлардан 8 та гуруҳ шакллантирилган. Стратегия ижросини таъминлашда гендер адолат етакчилари фаол иштирок этишлари ҳам назарда тутилган. Ўзбекистонда «Гендер-мадад» ҳуқуқий маслаҳат платформаси ишга туширилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

Хушноза Баратова,

партия фаоли, Қарши шаҳар 5-мактаб ўқитувчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+