Хайрли ҳаракат барчани бирлаштирди

31.05.2024 18:05:56

Ўзбекистон Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан республикамизнинг барча ҳудудларида 7 йилдирки, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда. Бугун ҳам Фарғона вилоят қон қуйиш марказида тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳ­тoж инсoнлaрни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қoн топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қoлиш, жамиятда меҳр-оқибат вa инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишни мақсад қилган акция ташкил этилди. Унда партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши фаоллари, депутатлар, ўнлаб корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, божхона бошқармаси вакиллари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларининг фидоий педагоглари, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этдилар.
-Акцияда иштирок этар эканман, бир онанинг оҳу ноласини тинглаб, бугунги тадбирда иштирок этганимдан тангрига шукрлар келтирдим. Қаранг, тошлоқлик бир аёлнинг фарзанди оқ қон касалига чалинган учун доимий донорликка муҳтож экан. Фарзандини беморлиги учун ота уларни аросатда ташлаб кетибди. Шундай номард инсонлар ҳам орамизда бор, — дейди «Севимли» телеканалининг Фарғона вилоятидаги мухбири Аҳрор Зиёдов. – Мен қон гуруҳим ўша бемор учун мос келишидан хурсанд бўлдим. Зарур бўлса доимо унга донорлик қилиб келишни мақсад қилдим. Бугун бу ерга келган инсонлар билан суҳбатлашар эканман, уларни кўзларидаги, юзларидаги мамнунлик мени ҳайратга солди. Хайрли иш бугун юзлаб фарғоналикларни бир маконда бирлаштиряпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Партия чорловчига кўра, қон қуйиш марказига келиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болажонларимиз учун донорлик қилиш истагида бўлган юзлаб фуқаролар хайрли ишга бош қўйдилар.
-Мани турмуш ўртоғим оғир дардга чалинган. 4 нафар норасида гўдакларим бор. Турмуш ўртоғимга зарур қон гуруҳини излаб кўп сарсон бўлгандим. Бугунги акцияда Фарғона вилоят ички ишлар органларидан келган Илҳомжон ва Азизбеклар биз излаган донорлар эканлигини эшитиб жуда қувониб кетдим. Юртимиз тинчлиги посбонлари бугун саломатлигимиз посбони, оиламиз кўмакчиси бўлишга бажонидил рози бўлишди, -дейди Нуринисо Ёдгорова. – Бугунги акция ташкилотчиларига катта раҳмат. Бугунги тадбирга мен каби умид билан келган ўнлаб инсонлар нажот топганларига шоҳид бўлдим. "Адолат"чиларга катта раҳмат. Адолат бор жойда нажотсиз қолмайсан, деганлари рост экан.
Партия ташаббуси билан ўтказилган хайрия акцияси бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолишига хизмат қилиши билан аҳамияти беқиёсдир.


"Адолат" СДП 
Фарғона вилоят Кенгаши 
Матбуот хизмати 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+