Хайрли ташаббус барчамизни қувонтирди

13.05.2024 11:05:25

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг ташаббуси нафақат мени балки, суд тизимида фаолият юритаётган барча судьяларни бирдек қувонтирди. Партия етакчисининг ташаббусига кўра, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аудиокитоби ишлаб чиқилди. Бу эса ҳар бир инсонга ушбу аудиокитобни исталган жойда ва исталган вақтда ўрганиш имкониятини беради.

Судьялик фаолиятим давомида шунга иқрор бўлдимки, аксарият ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар мавжуд қонунларни билмаслик оқибатида юзага келади.

Халқ конституцияси, деб эътироф этилаётган бош қомусимиз халқимизнинг хоҳиш иродасига кўра, халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда жаҳон тажрибаси ва халқ иродаси асосида яратилган. Бош қомусимизнинг моддалари сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди.

Давлат манфаатларидан халқ манфаати устунлиги эътироф этилаётган давлатимизда ҳар бир инсоннинг эрки ва саодати қонун ҳимоясига асосланганлигини конституциямизда аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилгани билан аҳамиятлидир.

Шуни айтиб ўтиш керакки, жаҳон тажрибасига кўра, хуқуқий давлатда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимияти ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.

Қомусимиз ва у асосда яратилган қонунларни мукаммал билиш эса инсонларни қонун олдидаги жавобгарлигини ошириш баробарида, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга замин яратди.

Ўзбекистонлик ҳар бир фуқаро фахр билан шуни англаши зарурки, конституциянинг янги таҳририга асосан, «Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади», деб кўрсатиб ўтилган.

Демак, Конституцияни мукаммал билиш инсон эркинлигининг кафолатидир. Бу эзгу йўлда яратилган аудиокитоб эса халқимизнинг ўз ҳуқуқлари ва бурчларини батафсил билишларига янада замин яратади. Халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдек олийжаноб хайрли ҳаракат учун суд тизимларида катта тажрибага эга бўлган ва бугунги кунда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашига етакчилик қилиб келаётган Робахон Маҳмудовага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ҳар бир давлатдаги қонун устуворлигига эришиш фуқароларнинг бахти ва саодати, халқ фаровонлиги ва давлат равнақининг кафолатидир. Мен судья сифатида, ўз давлати ва халқининг қадрлайдиган инсон сифатида Конституциянинг аудиокитобидан фойдаланишни маслаҳат бераман.



Одилжон Исмоилов,

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+