“Ҳалол ўғри”лар кимлар?

27.07.2021 16:07:04

Жамиятдаги ҳар бир шахс ўз ҳаёти давомида яхши яшашни, бекаму-кўст фаровон ҳаёт кечиришни хоҳлайди. Бунинг учун эса ҳамиша ҳаракатда бўлади. Кимлардир ҳалол меҳнати ила ном қозонса, кимдир қинғир-қийшиқ йўл билан “тирикчилик” қилади. Пора олади, давлат мулкини талон-тарож қилади, фириб ёки шунга ўхшаган йўллар билан мол-дунё орттириб “тирикчилик-да” деб ўзига-ўзи тасалли берадиганлар ҳам йўқ эмас. Баъзан кимдир шу йўл билан бойлик орттирган бўлса, “ҳалоли бўлсин” дейишга ҳам одатланиб қолганмиз. Бундай кимсаларни жамиятда кўрамиз-у, кўрмасликка оламиз. Уларни “ҳалол ўғрилар” сафига киритиб айрим ҳолларда иши “силлиқ” ва тез битиши учун пулни “мингдан минг рози бўлиб” берганларни ҳам учратамиз.

Энг ёмони бизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бораётган, мамлакатни, жамиятни ва миллат келажагини таназзулга олиб келадиган ушбу иллат-коррупциянинг илдизи шу қадар кенг томир ёйганки, уни қаердан бошланиб, қаерда тугашини аниқ билмайсиз.

Бугун она ватанимиз Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқич йўлидан бормоқда. Устувор вазифаларимиз кўп. Жамиятдаги ҳар бир шахснинг шу жамиятга ўзининг фойдали ҳаракатлари билан қўшган ҳиссаси, ватан равнақи учун зарра томчидек фойда келтирса, билингки бу шахснинг жамиятда ўрни бор.

Ижтимоий тармоқлар орқали ҳар куни фалон ташкилотда ишлайдиган ходим пора билан қўлга тушибди ёки фалон ташкилотда давлатнинг шунча пули талон-тарож қилинибди, деган хабарларга дуч келишимиз одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси томонидан ижтимоий тармоқлар орқали йил давомида қайси давлат идоралари томонидан қанча давлат пуллари ўзлаштирилаётганлиги ҳам ёритилиб бормоқда.

Айниқса халқ таълими, тиббиёт соҳаларида бундай кўрсаткичлар юқори эканлиги ачинарли ҳолат. Тасаввур қилинг, шу манзилга етиб бормаган пуллар орқали қанча мактаблар замонавий қиёфа касб этиши, мактабларга  ахборот коммуникацион технологияларининг етиб бориши орқада қолмоқда. Ёхуд келажагимиз эгалари, давомчилари деб жар соладиганимиз ёш авлоднинг ҳақи ҳавога совурилмоқда.  Хўш, биз таълим-тарбия берадиган, келажак авлодни тайёрлайдиган соҳа бўлмиш халқ таълимида бундай ҳолатлар давом этаверса, биз тарбиялаётган фарзандларимизга қандай таъсир қилади? Келажакда улар ҳам шу йўлни танлашмайдими? Биз ўзимиз билмаган ҳолда келажак авлодга “ўрнак” бўлмаяпмизми? Ёки тиббиёт соҳасини олайлик, беморлар учун шифо улашадиган, дардига даво истаб умид билан келган инсонларнинг тақдирини ҳал қиладиган соҳада ҳам бундай ҳолатлар кузатилиши, кишини дилини хуфтон қилади...

Зеро, Президентимиз ҳар бир ўтказган йиғилишларида бундай иллатга қарши муросасиз курашиш кераклиги тўғрисида қайта-қайта такрорламоқда. Бу иллатни илдизи билан қўпориб ташлаш учун ташкилотлар, агентликлар тузилди, қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, жавобгарлик қонун йўли билан белгилаб қўйилган.

Яқинда ҳам “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ҳам қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади. Реестрга киритилган шахсларга давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши, уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши қатъийян тақиқланиши белгилиб қўйилди. Бундан ташқари коррупция содир этган шахсларга нисбатан қатъий жазо муқаррар эканлигини ҳам қайта-қайта такрорлаб ўтдилар муҳтарам Президентимиз.

Албатта, ривожланишимиз ва юксалишимиз йўлидаги энг катта тўсиқ бу коррупция. Афсуски, коррупция ҳар бир соҳа ва ҳар бир жабҳада учраб, шу соҳанинг тараққиётини емиради. Инсонни тўғри йўлдан адаштиради, фикрини бузади, давлат ва жамият ривожи йўлидаги эзгу йўллардан чалғитади. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан бу қабоҳатнинг олдини олиш, халқимизнинг бахт-саодати учун ишлаш, одамларнинг манфаатларини кўзлаш энг асосий масала бўлиб турибди. Демак, тўғри йўлдан чалғимаслик ва мақсадларни тўғри олиш ҳар қандай ватандошимизнинг мақсади бўлиши керак.

Биз “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” йўлидан бормоқдамиз. Дунё ҳамжамиятида ўзимизнинг мустаҳкам ўрнимизга эга бўлмоқдамиз. Қанчадан-қанча ривожланган давлатлар бизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатимизни, ривожланишимизни тан олиб, биз билан иқтисодий-сиёсий ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифларини бераётган бир вақтда, юқорида қайд этиб ўтилган нохуш ҳолатларга йўл очиб бераётганлар, бундай ҳолатни содир этаётганлар кечиришга арзийдими?

Албатта, йўқ. Шундай экан, келинг азиз юртдошлар, бу иллатдан воз кечайлик. Юртимиз равнақи учун ҳақиқий “ ватанпарвар” бўлиб курашайлик. Шу юртнинг ривож топишида, дунё мамлакатлари тамаддунида бунданда юксак чўққиларни эгаллашида, ёшлар тарбиясида, жамиятни бундай иллатлардан тозалашда барчамиз бирдек маъсул бўлайлик. Коррупция бор экан - давлат ҳеч қачон ривожланмайди. Чунки, у тараққиётнинг кўринмас кушандасидир. Уни илдизи билан қурутиш учун ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилайлик.

 

Муталлиб РАҲИМОВ,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши Қонунийликни

таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари

бўйича доимий комиссия раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+