Халқ ишончи йўлида қадам бақадам

10.09.2021 13:09:22

 

Айни пайтда халқ депутатлари Қибрай туман Кенгашида 3 нафар “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари фаолият олиб бормоқда.

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда депутатларимиз фаол иштирок этишмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Дониёр Юсупов партиянинг “Аҳоли билан юзма-юз” лойиҳаси доирасидаги сайловчилар билан ўтказаётган учрашувларида уларнинг муаммоларини ўрганиб, амалий кўмак бермоқда. Бу эса аҳолининг партияга бўлган ишончининг янада ортишига сабаб бўлмоқда. Масалан, халқ вакили Дониёр Юсуповга ўзи сайланган “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролари қатор муаммолар бўйича мурожаат қилдилар.  Хусусан, “Мирзо Улуғбек” маҳалласи “Бинокор” кўчасидаги кўп қаватли 1-уй аҳолиси кўп йиллардан бери ичимлик суви муаммосига ечим тополмай келаётганди. Мулоқотлар чоғида аҳолидан ҳудудда эскириб қолган сув насосларини янгилаш, электр симёғочларини алмаштириш, йўлларни таъмирлашга доир қатор мурожаатлар келиб тушди. Депутатнинг аралашуви билан “Мусаффо оби-ҳаёт” МЧЖ томонидан масала ижобий ечим топди.

Зумрад кўчаси 3-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ёрқиной Воҳидованинг мурожаатига кўра, ички кўчалардаги электр узатиш симлари одам қўли етар даражада очилиб ётибди. Симёғочлар ачинарли аҳволда, ТП-198 трасформатори атрофи ўралмаган ва инсон ҳаёти, айниқса болалар  учун хавф туғдиради. Шунингдек, янгидан қуриб, фойдаланишга топширилиши кутилаётган 6-сон МТМнинг айнан болалар ўйнайдиган майдончасининг қоқ устидан юқори кучланишли симлар ўтказилган. Тегишли ташкилотлар ва мутасаддиларга қилинган бир неча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган.

Қорамурт кўчаси 38-А уйда яшовчи Наргиза Кабированинг шикоятига кўра, истеъмолдаги электр кучланиши 150-180 квни ташкил этади ва бу билан аҳоли хонадонларидаги маиший-техникалар ишдан чиқмоқда. Ўрганишлар орқали йил сайин аҳоли сони кўпайганлиги сабабли хонадонларга трансформатор етарли электр энергиясини етказиб бера олмаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат маҳалладаги деярли барча кўчаларда кузатилмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича маҳаллий аҳолининг қилган мурожаатларига эса тўлиқ эътибор қаратилмаган. Карантинга қадар аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш мақсадида секторлар раҳбарига сайёр қабуллар давомида қилинган мурожаат ҳам беэътибор қолдирилган.

Мазкур муаммолар бўйича депутат Д.Юсуповни туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Равшан Раупходжаевга депутатлик сўрови орқали мазкур масалалар ҳам ўз ечимини топди.

 “Бойжигит” маҳалласининг аҳолиси билан ўтказилган учрашувларда мазкур маҳалла ўтган йили “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлсада деярли ҳеч бир иш амалга оширилмагани, кўп қаватли уйлар таъмирланмагани, ичимлик суви тортилмагани, ёритиш тизими якунига етказилмагани каби масалалар муҳокамаларнинг бош мавзуси бўлди. Д.Юсупов бу борада туман ҳокимлигига депутат сўровини юборди. Натижада масала ижобий хал этилди.

 “Мирзо Улуғбек” маҳалла фаоллари  билан бўлган мулоқотда  фуқаролар электр энергияси бўйича узилишлар ўз ечимини топмаётганини билдиришди. Маълум бўлишича, 30-40 йил аввал қўйилган трасформаторлар аҳоли сонининг ортиши натижасида талабга жавоб бера олмай қолган. Натижада аҳоли хонадонларидаги маиший техникалар ишдан чиқа бошлаган.

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Махсуд Умаров ҳам ўзи сайланган ҳудудда аҳоли муаммоларини ўрганмоқда.

Жумладан, “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, фуқаролар ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этган учрашувда депутатга аҳоли томонидан қатор мурожаатлар қилинди.

Хусусан,  “Ифтихор” маҳалласи  раиси Э.Хайруллаевнинг мурожаатига кўра  А.Навоий, Ўзгариш 2-тор кўчалари қарийб 20 йилдан бери асфальт қилинмаган. Бу борада маҳалла томонидан тегишли мутассадиларга бир неча бор мурожаатлар қилинган бўлсада, ҳанузгача муаммо ижобий ечимини топгани йўқ. Масалани ижобий ҳал этиш юзасидан депутатдан амалий ёрдам сўралди.

Ушбу масала юзасидан халқ вакили туман Ободонлаштириш бошқармаси Н.Вохидовга чиқарган  депутатлик сўрови орқали  муаммо ҳам ўз ечимини топди.

Депутатнинг Байтқўрғон қишлоғи “Истиқбол” маҳалласидаги сайловчилар билан бўлган учрашувида Тинчлик кўчасида ўрнатилмай қолган 20 та  эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш масаласи юзасидан мурожаат қилинган эди. Ушбу масала юзасидан депутатнинг туман “Электртармоқлари” корхонаси раҳбари Р.Раупходжаевга  юборган сўрови орқали симёғочлар янгисига алмаштирилмоқда.

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Мирсодиқ Миржалилов ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳамиша халқ дарди билан яшашга, уларнинг муаммосини ечишда жонбозлик кўрсатиб келаётган депутатлардан бири саналади.

Халқ вакили қачон сайловчилар билан учрашмасин, ҳар гал фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилади, кўтарилаётган масалаларга имкон қадар жойида ечим топади. Одамларнинг дарду қувончига шерик бўлиб, оғирини енгил қилишга жиддий ҳаракат қилади.

Биргина мисол тариқасида оладиган бўлсак, М.Миржалилов томонидан “Дархон” маҳалласида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳалланинг бир қатор таъмирталаб кўчалари асфальт қилинди, уйларнинг том қисми ёпилди, ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни қийнаётган масалаларга ечим топилди.

Шу билан бирга мазкур  маҳалланинг Сергели 1,2,3-берк кўчаларида йўллар яроқсиз ҳолга келиб қолган эди, депутат ташаббуси билан ушбу кўчаларга аҳолига қулайликлар яратиш учун асфальт ётқизилди, яна бир қатор кўчаларда жараён хали давом этмоқда. 

Шунингдек, “Узтелеком” ҳиссадорлик жамияти туман бўлими раҳбари Ж.Собировга ҳудуднинг олис Оққовоқ қишлоғида яшовчи аҳолининг   телекоммуникацион сифатли хизматлар тармоғи билан таъминлаш бўйича йўллаган депутатлик сўрови ҳам қисқа фурсат ичида ҳал этилди.

Айтиш жоизки, ҳисобот даврида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан  давлат ташкилотларига жами 10 дан зиёд депутатлик сўровлари киритилган. Уларнинг орасида аҳолининг энг ташвишга соладиган  газ, электр энергияси, ичимлик суви сингари коммунал муаммолардан тортиб, ички кўчаларнинг асфальтланиши, ободонлиги, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, томорқалардан унумли фойдаланиш масалалари ҳам мавжуд.

Президент таъкидлаганидек,  “Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”.  Албатта халқ хоҳишларини давлат рўёбга оширади, агар давлат органларининг ходимлари, мансабдор шахслар, партия вакиллари фуқароларни қийнаётган масалаларга яқиндан ёндашмаса, муаммолар бартараф этилмаса халқнинг давлатга бўлган ишончи сўниши ва турли салбий ҳолатларнинг келиб чиқиши муқаррар.

Ким бўлишимиздан, қандай мансаб – мартабада бўлишимиздан қатъий назар доимо халқ билан бирга бўлайлик, унинг оғирини енгил қилиб, дардига шерик бўлайлик. Бошқаларга манфаат етказиш йўлларини етказиб топайлик.

 

Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП  Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+