Халқ ишончи – саодат манбаи

19.05.2021 12:05:59

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тойлоқ туман Кенгаши ташаббуси билан Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамроҳлигида Тайлоқ туманидаги “Чорбоғтепа”, “Галаботир”, “Ўрай Элипок” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, фуқаролар билан очиқ-ойдин суҳбатлар ўтказди.

Фуқаролар мулоқот чоғида ишга жойлашиш, тадбиркорлик билан шуғуланмоқчи бўлган фуқароларга кредит олишларига кўмаклашиш, кўчаларга светафор ва йўл белгиларини ўрнатиш, саломатлигини тиклаш ёрдам кўрсатиш каби бир қатор муаммолар билан мурожаат қилдилар. Ўртага ташланган масалаларга мутасадди ташкилот ва ҳомийлар кўмагида ечим топиш чоралари изланди. Мурожаатлардан келиб чиқиб тегишли ташкилотларга 11 та депутатлик сўровлари юборилган бўлса, аксарият масалаларга шу жойнинг ўзида ечим топиш имконияти туғилди.

Жумладан, фуқаро З.Амонова саломатлигини тиклашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори билан телефон орқали мулоқот қилиниб, фуқарога даволаниши учун ордер ажратилиши режалаштирилди.

“Галаботир” маҳалласида яшовчи Лола Очилова фарзандларини тумандаги 40  мактабгача таълим ташкилотида тарбияланишини, муассасага келиш учун Самарканд Панжакент катта йўлини кесиб ўтишларини, катта кўча бўлгани учун машиналар тезликда ҳаракатланиши, бу эса аҳолига қийинчиликлар туғдираётганлигини, турли кўнгилсиз ҳодислар ҳам бўлиб туришини маълум қилди. Ушбу масала бўйича депутат Нилуфар Акрамова туман ИИБ бошлиғи Ш.Тоғаевга мурожаат қилди. Туман ИИБ томонидан мазкур кўчага 1 ой муддатда светафор ва йўл белгиси қўйилиши фуқароларга маълум қилинди.

Мухлиса Жалилова фарзанди шартнома асосида ўқиётгани, шартнома пулини иккинчи ярмини тўлашга қийналаётганлигини айтиб қилган мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади, туман Кенгаши депутати, тадбиркор Жамшед Рашидов томонидан шартнома пулини тўлаш учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Албатта, инсон ўзига ўзи баҳо бера олмайди, унга яшаб турган ҳудудидаги аҳоли,  маҳалла аҳли баҳо беради. Сафдошларимизга эл ишончини оқлаш йўлидаги саъй – ҳаракатларида куч-ғайрат тилаб қоламиз. Зеро, халқ ишончи  энг олий бахт ҳисобланади.  

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+