Халқ орасида юрганлар

24.05.2021 10:05:22

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2021 йил 9 апрелдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан вилоят кенгашига сайланган депутат Сарвиноз Нажмиддинова Нуробод тумани 1-сектор ҳудудидаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилмаган, лекин, ижтимоий аҳволи оғир фуқаролар бўйича ўрганиш ишларини  олиб борди. Эҳтиёжманд оила вакиллари билан суҳбат ўтказди.

Депутат дастлаб “Сарикул” маҳалла фуқаролари йиғинида бўлиб, маҳалла раиси Элёр Буриев билан ҳудудда фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар юзасидан суҳбат олиб борди.  Маҳаллада амалдаги “Темир дафтар”га 42 нафар кам таъминланган фуқаролар рўйхатга киритилган. Бугунги кунда уларнинг 40 нафари рўйхатдан чиқарилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. 2 нафари эса ҳалигача рўйхатда турибди.  “Аёллар дафтари”да эса жами 32 нафар аёллар киритилган бўлиб, ҳозирда 1 нафар ногирон оила вакиласи қолган, “Ёшлар дафтари”да эса 60 нафар ёшлар рўйхатга киритилган.

Сарвиноз Нажмиддинова “Сарикул” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, юқоридаги дафтарларга киритилмаган аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар хонадонларида ҳам бўлиб, улардан ҳол-аҳвол сўради, муаммоларини ўрганди.  Хусусан, 1962 йилда туғилган 2 гуруҳ ногирони Ҳ. Хидиров ҳолидан хабар олди. Фуқаро айни пайтда ишсиз, 3 нафар фарзанди бор, турмуш ўртоғи ҳам ҳеч жойда ишламайди. Шу сабабли фуқаро депутатдан оилавий бандлигини таъминлаш, рўзғорининг фаровонлигини яхшилаш мақсадида паррандачиликни йўлга қўйишда амалий ёрдам сўради.

Д. Жумабоева 1992 йилда туғилган. 1 нафар фарзанди бор.  Турмушидан ажрашган. Кунлик ишлар билан шуғулланиб рўзғорини ўтказади. Депутат билан учрашув чоғида шу каби муаммоларини баён қилиб, бандлик  ҳамда уй-жой билан таъминлаш масаласида амалий ёрдам сўради. Ш.Нурматов эса

2-гуруҳ ногирони, мавсумий ишчи. Чорвачилик билан шуғулланиб, оиласининг камини тўлдириш истагида эканлигини баён қилди.

-3 нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони, ишсиз. Турмуш ўртоғимга эшитиш учун мослама - аппарат зарур, маҳаллага ҳам мурожаат қилдим бу борада, аммо натижа бўлмади. Бугун хонадонимизга вилоятдан вакиллар сўраб келишганини кўриб хурсанд бўлиб кетдим. “Сизнинг бирор муаммоингиз борми? Ёрдам керакми?” деган гапларидан кейин яна кўнглимда ишонч уйғонди – дейди шу маҳаллада яшовчи Маърифат Қиличева. 

Депутат кўтарилган барча муаммолар юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилганлигини фуқароларга маълум қилиб, ижроси назоратда эканлигини, тез кунда амалий ечим топишини қайд этиб ўтди. Албатта, халқ орасида юриб, уларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнглини сўраш, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш юртдошларимизнинг кўнглини чоғ этиб, эртанги кунга ишончи ортишига хизмат қилмоқда.  Улар олиб борилаётган оқилона сиёсатдан миннатдор бўлишмоқда. Шу нуқтаи назардан айтишимиз мумкинки, меҳр, эътибор ва ғамхўрликка муҳтож инсонларнинг эшигини қоқиб кириб бориш барчамизнинг бурчимизга айланиши лозим.

Жамшид НОРБОБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+