Халқ саломатлиги - кун тартибидаги масала

03.03.2021 14:03:13

Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ҳудудларда, маҳаллаларда, ижтимоий объектларда ўрганишлар олиб боришмоқда. Шу аснода бир қатор муаммо ва камчиликлар аниқланяпти. Шундан келиб чиққан ҳолда партиямиздан сайланган депутатлар томонидан ҳудудлардаги ечимини кутаётган масалалар юзасидан тегишли идоралар ҳамда масъуллар ҳамкорлигида ҳал этиш чоралари кўриляпти, мавжуд муаммолар ечимини назоратга олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Долзарб масалаларни туман сессиясида кўтаришга ҳаракат қилишмоқда.

Хусусан, депутатлик гуруҳи томонидан тиббий тизимдаги муаммолар юзасидан Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши навбатдаги сессиясига масала киритилди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятидаги камчиликлар, туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш тизими, тез тиббий ёрдам, патронаж хизмати, оилавий поликлиника ва тумандаги ҚВПлар фаолиятидаги муаммолар таҳлил этилди.

Унга кўра, туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматларни янада яхшилаш, янги тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, даволаш ишларида илғор тажрибаларни киритиш устувор вазифа қилиб белгиланди. Туғуруқ ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ногиронлар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ўртасида доимий патронаж ишлари олиб бориш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, юқумли касалликларнинг олдини олиш, тор соҳа мутахассисларининг вакант иш ўринларини тўлдириш чораларини кўриш ҳамда тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида болаларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббиёт хоналарини ташкил этиш, тиббий асбоб-анжомлар билан таъминлаш борасида ҳам вазифалар белгиланди.

Қумриддин Насриддинов, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати:

Ишчи гуруҳи ўрганишлари мобайнида тумандаги тоғли қишлоқларда жойлашган ҚВПларда камчиликлар борлиги аниқланди. Тор мутахассиликлар бўйича мутахассис шифокорлар етишмайди. Мактабгача таълим ташкилотларида тиббиёт хоналари талабга жавоб бермайди, болалар ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказилиши кечиктирилган. Баъзи чекка ҳудудлардаги МТТларда тиббиёт хоналари  ташкил этилмаган. Борларида ҳам тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланиш даражаси қониқарсиз эканлиги аниқланди. Қишлоқ аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, малакали тиббий хизмат кўрсатишда бирламчи тиббиёт муассасаларининг аҳамияти катта. Шу боис манзилли дастур асосида туман тоғли қишлоқларида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида барча қишлоқ врачлик пунктларида дорихона шохобчалари ва фитобарлар фаолиятини йўлга қўйилиши хусусида таклифлар билдирилди.

Шунингдек, сессияда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, унинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини ташкиллаштириш ҳамда атроф-муҳит тозалигини таъминлаш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди. Сессия кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+