Халқ сўзи – ҳақ сўз

30.07.2021 15:07:57

Бу иборанинг қанчалик ҳаётга яқинлиги кўп марта исботланган. Шунинг учун ҳам кейинги салкам беш йиллик муддат мобайнида аҳоли билан мулоқот соҳасида мамлакатимизда бутунлай янги тизим яратилди. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда катта ўзгаришлар юз берди. Бироқ, очиғини айтганда, ҳали мақсадга тўла эришилгани йўқ. Одамларимизда ҳал бўлмаётган муаммолар, ечими топилмаётган масалалар оз эмас. Халқ билан ҳамнафас бўлгандагина улардан хабардор бўлиш мумкин, албатта.

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳақда атрофлича фикр юритилди. Қуйидаги фикрлар ҳам вазиятнинг ўта жиддийлигидан далолат беради.

- Вазирлик ва идоралар ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечимлар топиши шарт.

-  Ҳар бир вазир бир ҳафта муддатда тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаши шарт.

- Тиббиёт соҳасидаги мурожаатларнинг қарийб ярмини ташкил этаётган ордер тартибини бекор қилиб, очиқ ва шаффоф тизимни йўлга қўйсак, камида 10 мингта шикоят камаяди.

Айни кунларда бу ва бошқа вазифаларни бажариш юзасидан ҳамма ерда амалий ишлар бошлаб юборилди. Косонсой туманида ҳам аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашувлар бошлаб юборилди. Мазкур гуруҳ таркибига мен ҳам депутат сифатида киритилдим.

Фуқаролар билан мулоқотлар бевосита маҳаллаларнинг ўзида ташкил этилмоқда. Бунда асосий эътибор одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни жойида бартараф қилишга қаратилмоқда. Туман Халқ қабулхонаси бу борада асосий  ҳамкоримиз ҳисобланади.

Дастлабки қабуллардан бири менинг сайлов округим ҳудудидаги “Нурафшон” маҳалласида бўлиб ўтди.  Унда туман ҳокими  Баҳодир Юсупов ҳам қатнашди. Фуқароларнинг элликдан ортиқ мурожаатлари  тингланди. Уларнинг аксариятига ечим  топилди. Мен  ҳам депутат сифатида аҳоли хонадонларига кириб, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўргандим. Айниқса,  ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, кредит, тадбиркорлик, моддий ёрдам ва иш билан таъминлаш каби соҳалардаги мурожаатлар кўп бўлди. Уларнинг аксарияти юзасидан вазифалар  масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Шундай  сайёр қабуллаp туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этади.

Исроилжон ЖЎРАЕВ, халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+