Халқаро конфереция Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси давлатлари тараққиётига хизмат қилади

19.07.2021 12:07:05

Маълумки, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашга хизмат қиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган халқаро конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Иштирокчилар томонидан кун тартибидаги минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар битта ялпи мажлис, учта секцион йиғилиш ва якуний қисм таркибида кўриб чиқилди.

Умуман олганда сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан икки минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Бугунги ташаббус эса бу борада бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан янада аҳамиятлидир.

Хусусан, прагматик ташқи сиёсат ва дўстона муҳитнинг яратилиши орқали биргина Марказий Осиё мамлакатлари билан Ўзбекистоннинг савдо айланмаси сезиларли равишда йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 2020 йил натижаларига кўра эса, глобал пандемия шароитига қарамай Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг умумий ҳажми 5 млрд. долларни ташкил этди.

Юртимизнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, давлатимизнинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш борасидаги ташаббуслари нафақат Ўзбекистоннинг савдо ва иқтисодий салоҳияти ошишига балки бутун бир минтақа давлатлари ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган бундай ҳаётбағш ғоя ва ташаббуслар халқаро конференцияда иштирок этган сиёсатчилар томонидан ҳам эътироф этилди. Хусусан иштирокчилар ушбу тадбир Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги асосида янги ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўзида мужассам этганлигини, ҳудудларда автомобиль ва темир йўллар, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юқори эканлигини қайт этишди. Бу жараёнларда Ўзбекистон марказий ўринга эга эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала ҳам Европа Иттифоқи Ўзбекистон Президентининг Тошкентда юқори даражадаги халқаро конференциясини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлашини, анжуман айни вақтида ташкил этилганини, чунки хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик, Авғонистондаги ва умуман минтақадаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда тўпланиб қолган масалалар барча учун муҳимлигини, бунда эса минтақавий мулоқот ҳар доим муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур конференция савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, “яшил” технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради. Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши эса яқин келажакда икки минтақа давлатларининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиб аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилади.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+