Халқаро конференцияда Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг умумий манфаатлари белгилаб олинди

18.07.2021 11:07:37

Қадимдан бир-бири билан илм-фан, савдо-сотиқ ва маданият борасида дўстона муносабатда бўлиб келган Марказий ва Жанубий Осиё халқлари бугунги кунда Буюк ипак йўли ва бошқа йўллар орқали дўстона ва яқин қўшничилик алоқаларини қайтадан тикламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция мазкур икки минтақада яшаб келаётган 2 миллиарддан зиёд инсонлар турмуш тарзи фаровонлигини юксалтиришда янги қадамлар ташланишига асос бўлди.

Хусусан, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида барча даражалардаги алоқалар жадаллашгани туфайли ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг янги сиёсий муҳити шаклланди. Бу эса, аввало савдо, саноат, инвестиция, энергетика, транспорт ва транзит, сувдан фойдаланиш, таълим, хавфсизлик, экология, минтақа аҳолисининг ижтимоий муҳити ва турмуш шароити сифатини яхшилаш борасида умумҳудудий ривожланишнинг долзарб масалаларини самарали, биргаликда ҳал этиш имконини бермоқда.  

Шу билан бирга, Ўзбекистон Жанубий Осиё минтақасида жойлашган Ҳиндистон ва Покистон каби қатор давлатлар билан фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари ўсиб, 2020 йил якунлари бўйича ташқи савдо ҳажми 1,38 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Бу Ўзбекистоннинг жами ташқи савдо ҳажмининг 3,8 фоизини ташкил қилади. Эътиборли томони ушбу кўрсаткич йилдан йилга ортиб бормоқда.

15-16 июль кунлари бўлиб ўтган халқаро конференция доирасида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида азалдан мавжуд бўлган ишончли савдо йўлларини тиклаб, икки минтақанинг Яқин Шарқ, Европа ва Хитой мамлакатлари учун ўзига хос кўприк вазифасини ўташига замин яратади.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этган халқаро конференцияда давлатимиз раҳбари томонидан ўндан ортиқ Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яхшилаш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш. Бунда “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, истиқболли рақамли платформаларни жорий этишни Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини иқтисодий ривожлантиришнинг локомотивига айлантириш, икки минтақа ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш ҳамда “Яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалаларга алоҳида эътибор қаратиш каби муҳим ташаббусларга тўхталиб ўтди.

Умуман олганда, амалий ташаббусларга бой тарзда бўлиб ўтган икки кунлик халқаро конференция қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, конструктив сиёсат олиб бориш Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади.

Энг муҳими Ўзбекистон ва минтақанинг узоқ муддатли истиқболи, келгуси ривожланишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қиладиган барқарор савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантиришнинг барча дарачадаги чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+