Халқаро кузатувчилар партиянинг Самарқанд вилояти Кенгашига ташриф буюришди

30.09.2021 13:09:51

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун тобора яқинлашиб келмоқда. Сайловга тайёргарлик ишлари қизғин тус олмоқда. Ушбу сайловолди кампаниясида “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳам фаоллик билан иштирок этмоқда.

Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари айни кунларда бутун диққат эътиборини тарғибот-ташвиқот ишларига қаратиб, кенг миқёсда тарғибот олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари саҳифаларида, телевидение ва радиода тарғибот материаллари эълон қилиниши билан биргаликда,  жойларда Президентликка номзод ҳамда ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишларни партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашларидаги сайлов штаблари мувофиқлаштириб бормоқда.

Бугун ЕХХТ ДИИҲБ вакилларидан грузиялик Lela Taliuri ва швециялик Alessandro Bartolini ва таржимон Наргиза Рашидовалар “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашига ташриф буюришди. Халқаро кузатувчиларни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова кутиб олди. Улар билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида партия вилоят кенгаши раисининг ўринбосарлари Асқар Холиқов, Шерзод Ҳусниддинов ҳамда вилоят Кенгаши матбуот котиби Лола Сайидовалар ҳозир бўлишди.

Аввало, ЕХХТ ДИИҲБ вакиллари ўзларини таништириб, ташриф мақсади, узоқ муддатли кузатувчи сифатида ўзларининг вазифалари, амалга оширадиган ишлари ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг, “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова партиямизнинг тарихи ва тизими, дастурий ғоя ва мақсадлари, таркибий тузилиши ҳақида сўзлаб берди. Кейинги йилларда мамлакат миқёсида ҳам, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида ҳам унинг нуфузи тобора ошиб бораётганини таъкидлади.

М.Бобобекова сайлов кампанияси тўғрисида гапирар экан, барча сиёсий партияларга тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш учун тенг шароит ва имконият яратилганлигини қайд этди.

Халқаро кузатувчилар партия ташкилоти фаолиятига ҳамда бевосита сайлов кампаниясининг боришига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ҳам олишди.

 

Лола САЙИДОВА,

 “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+