Халқчил ва ҳаётий ғоялар сайловчиларга етказилди

05.10.2021 09:10:51

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига  партиямиздан кўрсатилган номзод - Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг Сурхондарё  вилоятидаги ишончли вакили  Абдурашид Артиковнинг  Шеробод туман “Бойқишлоқ” маҳалласида жойлашган 65-сон ўрта умумтаълим мактабида  сайловчилар  билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашув даставвалида, ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли билан иштирокчиларни таништирди ва  сайловолди дастуридан муносиб жой олган халқчил ва ҳаётий ғояларнинг мақсад ва вазифалари, мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди.

Ишончли вакил ҳар бир банднинг аҳамияти,  эртамиз эгаларининг келажагига  таъсири,  тиббиёт, таълим, мактабгача таълим тизимида  киритилиши  кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида  батафсил маълумот берди.

Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган  ижтимоий адолатни қарор топтириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш, жамиятда адолат ва қонунга қатъий риоя этиш, таълим соҳасида адолат устуворлигига эришиш, аҳоли саломатлиги улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши ва самарали иқтисодиёт тараққиёт омили эканлиги, шунингдек, сиёсий куч тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат тарафдори эканлиги ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, ишончли вакил Абдурашид Артиков навбатдаги  сайловолди тарғибот учрашувини Қизириқ туман “Гулобод” МФЙда жойлашган 25-сон ўрта умумтаълим мактабида ҳам ўтказди. Учрашувда туман аҳолиси, талаба-ёшлар, oммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастурида айтилган мактабгача таълимга қамров ёшини 2 ёшдан қилиб белгиланиши ҳамда дориларнинг нархи асоссиз оширилишига чек қўйилишининг илгари сурилгани жойлардаги аҳоли томонидан қўллаб қувватланди.

 Содиқ Каримбердиев, Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутати:

 - Мазкур учрашувда олий таълимга кириш квоталарини йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда билим олишда рейтинг баҳолари юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатланиши айтиб ўтилди. Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чоралари амалга оширилиши, таълим тизими бошқарувида вужудга келиши мумкин бўлган тарқоқлик, қарама-қаршиликларни олдини олиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона- Таълим вазирлигига айлантириш тарафдори эканлиги қайд этилди. Шу каби сайловолди дастурдаги халқчил адолатпарвар ғоялар йиғилган иштирокчиларга жуда манзур бўлди.

Фикр ва мулоҳазаларга бой бўлган учрашувлар сўнгида сайловчилар қизиққан саволларга ишончли вакил томонидан батафсил жавоблар олишди.

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+