Халқимиз қадриятларини улуғлаган байрам

18.03.2022 16:03:42

Халқимиз доимо орзиқиб, интизор, интиқ бўлиб кутадиган, янги кун ва янги фасл дебочаси, шарқона янги йилнинг бошланиши бўлмиш Наврўз айёми ўзининг маъно-мазмуни, кўрку таровати, теран фалсафаси билан бошқа байрамлар орасида алоҳида ажралиб туради.

Наврўз — Янги Ўзбекистоннинг гўзал айёми, эзгулик, нафосат тимсоли. Наврўз — пок туйғулар, улуғ ниятлар айёми ҳамдир. Улуғ орзулардан улуғ режалар туғилади. Шу боис ҳам Наврўзи оламни барча бирдек интизорлик билан кутади Бошимиз узра Истиқлол нури чарақлаши билан Наврўз диний эмас, балки миллий, меҳр-оқибат, умумхалқ байрами эканлиги намоён бўлди.

Дарҳақиқат, истиқлол халқимизнинг эзгу ниятларини рўёбга чиқарди, ўзлигимизни англаш билан бирга азалий қадриятларимизни қайтарди. Мустақиллик йилларида бу гўзаллик айёми — Наврўз тили ва динидан қатъий назар, мамлакатимизда яшаётган барча халқлар ва элатларнинг улкан шодиёнасига айланди.

Қадимда ҳам умумхалқ байрами Наврўзни кутиб олиш учун катта тайёргарлик кўрилган. Ўтган асрларда байрам олдидан уй-жойлар тозаланган, ҳовлиларга, боғларга анвойи гуллар экилган, ҳамма ўзига янги кийимлар тиктирган. Наврўз кунлари кишилар қўни-қўшни, қариялар, ёр-биродарлар ва қариндошлар билан дийдорлашишган, араз-гиналарга барҳам берилган. Шу улуғ айём давомида беморларни бориб кўриш, ҳол-аҳвол сўраш ҳар бир кишининг бурчи ҳисобланган. Марҳумларнинг қабрлари зиёрат этилган.

Наврўз байрами арафасида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатларимиз савобли ишларни бошлаб юбордилар. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Қўйли Нарзуллаев бугун Миришкор туманидаги Айзобод қишлоғида яшовчи ўзгалар парваришига муҳтож Сафар Тошпўлатовнинг ва Батош маҳалласи Шойхўжа кўчасида яшовчи фуқаро Садоқат Норбобоеванинг уй- жойини тўлиқ таъмирлаб берди. Шунингдек. Вилоят Аёллар Кенгаши аъзоларининг 70 нафарига Наврўз кунлари байрам тадбирини ўз ҳисобидан ўтказиб берди. Бундан ташқари, Миришкор туманида яшовчи 50 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга 150 миллион сўмлик озиқ-овқат ва моддий ёрдам кўрсатди.

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳаққул Ишимовнинг кам таъминланган оилаларга кўрсатаётган беминнат кўмагидан кўпчилик мамнун бўлаётир. Наврўз байрами олдидан депутат яна хайрли ишга қўл урди. Унинг бевосита ташаббуси билан Қарши шаҳридаги «Шайхали» шаҳарчасида истиқомат қилаётган 42 нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга кийим- кечак ва озиқ- овқат маҳсулотлари улашилди.

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Қаҳрамон Рўзибоев ҳам бу савоб ишларни давом эттириб, Қарши шаҳрида яшовчи 60 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.

Наврўз ёшартириш, жонлантириш ва юксалтириш айёми. Бу байрам элимизнинг миллий ғурури, виждони, эрки. Барчани эркин нафас олишга чорлайди, руҳиятини кўтаради, қалбларда қувонч уйғотади, яшашга иштиёқни оширади. Ҳаммани бирдек умумхалқ ҳашарига, ободончиликка, кўкаламзорлаштиришга, бир сўз билан айтганда, яратувчанликка чорлайди.

Наврўз байрамини ўтказишда янгича одат-удумлар қўлланилиши унинг маънавий мақсадини бойитиб боряпти. Наврўзнинг юртдошларимиз маънавий маданиятини ошириш, эстетик дидини ўстиришдаги хизмати беқиёсдир. У кишиларга маданий ҳордиқ беришдан ташқари, самарали меҳнат қилиш учун куч ва илҳом бағишлайди.

«Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз», дея ният қилишади. Наврўз — бунёдкорлик, бирдамлик ва ризқ-рўз байрамидир. Янги Ўзбекистонимизнинг шаҳар ва қишлоқлари узра бугун Наврўз нафаси, шукуҳи кезиб юрибди. Наврўз туфайли юртимизда байрам шодиёналари бўлиб ўтаяпти. Ўлкамизнинг барча ҳудудларида Наврўз байрами кенг нишонланмоқда.

Азизлар, барчангизга баҳор байрами Наврўзи олам муборак бўлсин. Ахир Наврўз – янги режалар, мақсадларнинг қарор топиши. Наврўз шукуҳи доимо дилларда мангу бўлсин!

 

Чамангул Муҳаммадиева,

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги

«Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

Уюштирди: Комил Сахатов.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+