Шукуҳ: Халқлар дўстлиги куни муносиб нишонланмоқда

19.07.2024 15:07:20

Маълумки, 30 июль  дунё давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам Халқлар дўстлиги куни сифатида нишонланади.  Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» СДП  Марказий аппарати режасига  асосан, Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ҳам ишлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Урганч шаҳар ҳамда Урганч туман Кенгаши  ҳамкорлигида  Чолиш  шаҳарчасидаги  Комилжон Атаниёзов маҳалласида  жойлашган 19-сон «Дўстлик» маданият марказида  «Янги Ўзбекистонимизни кўп миллатли халқимиз билан бирга қурамиз!» мавзусида маданий   тадбир ташкил этилди.

Унда партия фаоллари, депутатлари, шаҳарчада  истиқомат қилаётган  қозоқ миллатига мансуб бўлган  фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар томонидан  бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик эканини таъкидлашди. Шунингдек,  мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга катта замин яратилгани эътироф этилди.

–Конституциямиз  ва қонунларимизда ҳам Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили, динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани белгиланган,-дейди Комилжон Атаниёзов маҳалласи раиси, қозоқ миллатига мансуб Авазжон Шарипова.- Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаши, тарғиб қилиши учун барча шароитлар яратилган. Бугун бўлиб ўтган тадбир ҳам  ўзбек ва қозоқ халқларининг оғизбирлик, яқин қўшничилик муносабатлари яна бир бор намоён бўлди.

–Бўлиб  ўтган тадбир барчага икки карра қувонч улашди, -дейди нуроний, қозоқ миллатига мансуб тадбир иштирокчиси Сотимбой Қосимов. -Ватанимиз бағрида ҳеч кимдан кам бўлмай, тинч ва осуда ҳаётда  умргузаронликда  бахтли умр кечиряпмиз.  Маҳалла етакчилари, шифокорлар, фаоллар тез-тез уйимизга келиб ҳолимиздан хабар олишяпти.  Партия фаоллари томонидан эҳтиром кўрсатилмоқда. Бошимиз кўкка етди. Ўзбекистонимиз инсонлар қадрланган юрт эканига яна бир бора иймон келтирдик.  Юртимизнинг бахт-у иқболи учун доим дуода бўламиз.

Тадбир сўнгида маданият маркази ходимлари, маҳалладаги ёшлар етакчиси, иқтидорли  қардош қозоқ фарзандларининг  бадиий чиқишлари даврага байрамона шукуҳ бағишлади. Барча иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Воҳада байрам тадбирлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.

 

                                                                                             Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП

                                                                    Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+