Халқни рози қилиш - бугунги куннинг асосий вазифаси

24.07.2021 18:07:06

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президентимиз лавозимига киришгандаёқ “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган халқпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган эди.

Ўтган 2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи тизимга айланди. Ҳудудларда давлат идоралари қуйи тизимга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлади ва бу борада анча-мунча ишлар тизимли ҳал қилинди.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари одамларни бугунги кунда мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, аҳоли мурожаатлари учун ўз виртуал қабулхонаси, ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этилиши белгиланди.

Айни кундаги мурожаатларнинг кўпчилиги тиббиёт ва таълим соҳасига тегишли бўлиб, айниқса тиббиёт тизимига оид мурожаатларнинг қарийб яримини ташкил этаётган ордер тартиби ўринли очиқ ва шаффоф тизимда йўлга қўйилса камида 10 000 мингта шикоят камайиши айтиб ўтилди.

Йиғилишда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича фаолиятини халқ қабулхоналари назорат қилиши белгиланди. Энди мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базага жамланиб халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларини бу борада шакллантиради.

Таҳлилий-танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда барча соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида халқимиз томонидан тушаётган эътирозлар, мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 1.5 баробардан ортиқ кўпайганлиги қайд этилди. Мазкур тизимларни қайта кўриб чиқиш ва энг асосий мақсад халқни орасига кириб бориш, муаммони жойида ҳал қилиш  ва имкон даражасида мурожаатларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш кераклиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда ҳозирги вақтда ушбу мурожаатларнинг кўпчилик қисми аҳоли томонидан ихтисослашган юқори малакали тез тиббий ёрдамни олишдаги қийинчиликлар, айни вақтгача мавжуд бўлган ордер тизимидаги камчиликлар билан боғлиқлиги таъкидланиб, у яқин орада Президент қарори асосида ордер тизими қайта кўриб чиқилиб, ниҳоятда шаффоф электрон базага асосланган тизим яратилиши ҳақида айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда барча соҳалар қаторида аҳоли томонидан жорий йилнинг олти ойи мобайнида бандлик масалалари бўйича 70 мингдан ортиқ мурожаатларнинг  ҳар бирини  йўналишига қараб тизимли ҳал қилиш ишлари олиб борилиши таъкидланди.

Яна шунингдек, йиғилишда вилоятларда учта дафтар - “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ни қайта хатловдан ўтказиб аҳолини қийнаётган масалалар жиддий назоратга олиниши хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мухтасар айтганда, белгиланган амалий ишлар режаси мамлакатимизда барча соҳаларда тизимни ривожлантириш, аҳолини бугунги кундан рози бўлиб фаровон ҳаётга эришувида хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+