Халқнинг дарду-ташвишини енгиллаштириш керак

29.03.2021 18:03:13

Президентимиз ўртага қўяётган муҳим вазифалардан бири халқнинг фикр ва таклифларини эшитиш ҳамда муаммолари, дарду ташвишини камайтиришдан иборат.  Бироқ, айрим давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг мурожаатларни кўриб чиқишга масъулиятсизлик билан қараётгани фуқароларнинг юқори турувчи ташкилотларга, яъни республикадаги тегишли идораларга шикоят билан чиқишларига сабаб бўлмоқда.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умировнинг Қарши тумани аҳолиси билан учрашувлари самимий руҳда ўтди. Депутат қишлоқ одамлари қўяётган ҳар бир масала ва муаммога жиддий эътибор қаратди. Уларнинг ечимини топиш йўлларини излади. Энг муҳими, фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилиш чораларини топди. Масалан, Абдуғани Умиров Қарши туманидаги “Қоратепа” қишлоғи аҳолиси билан жонли мулоқотга киришганида фуқаро Ўрол Фармонов ва у каби яна ўн уч нафар киши уй-жойлари бузилишга тушганлиги ва бунинг учун товон пули берилишида ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Юқорида таъкидлаганимиздек, партиядошимиз уларнинг бу арзини синчиклаб ўрганди ва қишлоқ фуқароларининг шикоятлари ўринли эканлигини аниқлаб, мурожаат мутасадди идоралар томонидан қонуний тартибда кўриб чиқиладиган бўлди. Фуқароларга керакли ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, депутат Нишон туманидаги “Пахтазор” МФЙда аҳоли билан учрашганида шу ҳудудда яшовчи фуқаро Қурбон Ҳолиқов кредит олиш масаласида кўмак кўрсатишини илтимос қилди. Бундан ташқари “Эски Нишон” ҳудудида яшовчи Олим Холмуродов эса ер участкаси ололмай овора-сарсон бўлаётганини маълум қилди. Депутат “Кўксой” МФЙ фуқаролари билан мулоқотида кўпгина хонадон соҳиблари номидан Ҳасан Тожиев қишлоқда янги трансформаторга эҳтиёж борлигини тушунтирди. Депутат Абдуғани Умиров фуқаролардан тушган барча мурожаатларни мутасадди идора ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, ўрганиб чиқиб, қисқа фурсатларда ҳал этилиши устида иш бошлади.

Дарвоқе, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаевнинг  Ғузор туманидаги 2-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва ота-оналар билан учрашувлари ҳам қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Депутат  ташкилотдаги таълим-тарбия  масалалари билан қизиқди. Бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Зухра Рахматуллаевага тегишлича кўрсатмалар берди.

Депутатнинг “Хумдон” ва “Сангишкон” МФЙлардаги аҳоли билан мулоқотлари ҳам қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Депутат “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга тарқатилаётган моддий ёрдамларнинг  адолатли тақсимланишини ўрганди ва ўзининг қимматли таклиф ва тавсияларини берди.

Умуман, фракция аъзоларининг жойлардаги аҳоли билан  учрашувларида  фуқароларни қийнаб келаётган бошқа кўпгина масалалар ҳам ўз жойида ҳал этилди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+