Халқнинг кўнглига ваҳима солаётганлар вакцина нима эканини билишадими?

24.07.2021 17:07:14

Мамлакатимизда эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётган бир пайт­­да, гарчи барча саъй-ҳаракатлар халқимизнинг умумий манфати, аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган бўлса-да, коронавирусга қарши эмланиш жараёнлари нисбатан суст бораётгани, баъзи юртдошларимиз вакцина олишга ҳамон иккиланаётгани бор гап.

Иккиланишларга эса, шубҳасиз, кунда, кунаро ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим “билимдон”ларнинг “вакцина олсангиз ундоқ бўлодур, вакцина олсангиз бундоқ бўлодур”, қабилидаги чиқишлари сабаб бўлмоқда. Афсуски, халқимиз жуда содда ва ўта ишонувчан. Эгнига оқ халат кийиб, бўйнига шифокорларнинг фонендоскопини илиб олган одам гапирса, “Шу бир нарсани билади. Билмаса гапирмас эди”, деб эргашиб кетаверади. Тан олиб айтишимиз керак, бугун мамлакатимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёнининг оқсашига ҳам айнан билиб-билмай, масаланинг туб илдизига етиб бормай ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, шунинг ортидан “машҳур”лик даъво қилаётган ва уларнинг “чиқиш”ларини турли тармоқларда тинимсиз тарқатиб, “очко” ишлаётганлар сабаб бўлишмоқда.

Келинг, масаланинг моҳиятини аниқ­лаштиришдан аввал бу борада хорижда қандай ишлар амалга оширилаётганига бир назар ташлайлик.

Шу ўринда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмасига эътибор қаратсак, коронавирус касаллигидан ҳимоя­ланиш, ушбу инфекция тарқалишининг олдини олишда энг самарали чора – вакцинация ҳисобланади. COVID-19га қарши жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг камида 60-70 фоизи эмланиши талаб этилади.

Бугунга қадар Буюк Британияда аҳолининг 66 фоизи, Италияда 57 фоизи, Германия ва АҚШда 55 фоизи, Францияда 52 фоизи, Хитой ва Туркияда 43 фоизга яқини коронавирусга қарши эмлангани ва бу кўрсаткич кун сайин ортиб бораётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Ўзбекистонда эса 6 миллион нафардан зиёд фуқаро коронавирусга қарши эмланган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига биноан, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг доимий аҳолиси 34 860 170 киши эканини ҳисобга олсак, бу эмлаш жараёнлари ўта суст бораётганини англатади. 2021 йил 23 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекция­­си қайд қилинганлар сони 122 786 (+738) нафарни ташкил этмоқда.

Вакцина олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани, эмлаш бепул амалга оширилаётганига қарамасдан, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган вакцинация жараёни ҳақидаги баъзи нохолис хабарлар, видеолавҳалар фуқаролар кўнглида турли шубҳа-гумон пайдо бўлишига олиб келаяпти. Афсуски, орамизда ўзи вакцина олмагани етмагандек, бошқаларни ҳам шунга ундайдиган, шу мақсад йўлида турли уйдирмаларни тарқатишдан тап тортмайдиган кимсалар ҳам учраб турибди.

Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бош­ланган «Мен вакцина олдим» (#мен_вакцина_олдим) акцияси доирасида кўплаб таниқли шахслар вакцина олгани суратлар ва видео­лавҳалар орқали ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Жумладан, Бухоро давлат тиб­­биёт институти ректори Шуҳ­рат Тешаевнинг коронавирус инфекциясига қарши эмлангани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ректорни эмлаш пайтида ҳамшира қўлига қўлқоп киймагани, шприцнинг ҳолати ҳам шубҳа остига олинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзбек-хитой вакцинаси иккинчи дозаси билан эмлангани тасвири видеоси ҳам ижтимоий тармоқларда кўзбўямачилик сифатида талқин этилди.

Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Муҳими, Бухоро давлат тиббиёт инс­титути ректори Шуҳрат Тешаев ҳам, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам коронавирусга қарши чиндан эмлангани далиллар асосида ўз исботини топ­­ди.

Хўш, вакцина олганларга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали шубҳа уйғотган кимсаларга қандай қонуний чоралар кўрилди? Агар улар қилмишига яраша жазога тортилган бўлса, нега бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида хабар берилмади? Агар халқнинг кўнглига ғулғула солаётган, эмлашга қарши “от суриб”, “машҳурлик шоҳсупаси”га интилаётганларга нисбатан қонуний таъсир чоралари қўлланмас экан, миш-мишларга чек қўйиб бўлмайди.

Назаримизда, ҳуқуқ-тартибот идоралари коронавирусга қарши эмланиш самара бермайди қабилидаги гап-сўзлар, сох­­та, яна ҳам аниқроқ айтганда, устакорлик билан монтаж қилинган тасвирларни тарқатаётган кимсаларга нисбатан кескин чора кўриши зарур ва шарт. Шубҳа-гумонларга барҳам берилсагина, кўзга кўринмас ёв — коронавирусга қарши курашиш ҳам, уни енгиш ҳам осонроқ кечади.

Суюндик МАМИРОВ,“Adolat” мухбири.


Манба: “Adolat” газетаси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+