“Халқпарвар” халққа мададкор

10.04.2021 09:04:59

Мамлакатимизда эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиш, меҳр-мурувват, оқибат кўрсатиш эзгу анъанага айланган. Биз маҳаллий кенгаш депутатларининг аҳоли билан бўлган учрашувларимизда одамларнинг яшаш шароити, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш мақсадида амалга ошириладиган ўрганишларимиз чоғида, асосан, уй-жой муаммоси биринчи навбатда туради. Аҳолига мансуб кам таъминлаган оилалар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган фуқаролар аксарият ҳолларда уй-жой муаммосини ҳал этиб бериш масаласини кўтарадилар.

Жорий йилнинг 3 март куни давлат раҳбари раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида Президент аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилиши белгилаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинган эди. Улар асосида, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони, таққосланганда, аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўп эканини кўриш мумкин. Бироқ мавжуд ҳолат юртимизда уй-жой масаласининг ечими учун етарли эмаслигини кўрсатди. Сабаби уйга эҳтиёжи бор оилалар сони ҳали ҳамон кўп. Қолаверса минглаб уй-жойлар барпо этиш, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш бугунги кун учун ўта долзарб вазифадир.

Қувонарли жиҳати, Президентимиз ўз нутқида уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш хусусида алоҳида тўхталди. Негаки, бугунги кунга келиб, уй-жойларга қўйиладиган нарх-наво одамлар учун оғир юк бўлиб қолмоқда. Шунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда қурилиш ишларининг молиявий манбалари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши таъкидланди. Фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланди. Бундай кредитлар 20 йилга ажратилиб, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилиши вазифаси қўйилди. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.

Видеоселектор йиғилишида оғир турмуш шароитидаги оилаларни ижтимоий ижара асосида уй билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилиши қайд этилди. Шу билан бирга, ижтимоий ижарани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, хусусий уйлар ижара ҳақининг бир қисмига субсидия бериш ёки фойданилмаётган ётоқхоналарни таъмирлаб, ижтимоий ижарага ажратиш мумкин.

Давлат раҳбари видеоселектор чоғида муҳтож оилалар учун  берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарур экани хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борада, маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бунда “халқпарвар комиссия”ларига катта масъулият юкланмоқда. Ушбу комиссия қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Айтиш жоизки, бу борада маҳаллаларда алоҳида иш олиб борилиши, уй-жойга муҳтожлиги баланд бўлган оилалар ўзининг тўлов қобилиятига кўра табақалашиши ва мавжуд эҳтиёжларни адолатли ҳал этиш механизмининг яратилиши катта аҳамият касб этади. Ва, бунда маҳаллий кенгаш депутатларининг жамоатчилик назорати муҳимдир.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, амалга ошириладиган бу ишлар натижасида қанчадан қанча аҳолининг бандлиги таъминланади. Қурилиш майдонларига минглаб одам  иш билан таъминланади. Қолаверса, уй-жой олиш бўйича жараённинг мураккаблиги, ипотека кредитлари фоизининг юқорилиги, аҳолининг ўсишига мутаносиб равишда кўплаб оилаларнинг уй-жойга бўлган талаби йилдан йилга ортиб бораётган эди. Мазкур хайрли ташаббуслар айни ўз вақтида амалга оширилаётган бўлиб, унинг натижасида минглаб оилалар ўзининг кўп йиллик орзуларига эришади. Айниқса, ёш оилалар ўз муаммоси ечилиши билан мустақил ҳаётга шахдам қадамлар ташлайди. Бу билан мустаҳкам оила, фаровон жамият ҳамда тараққий этган давлат барпо этилишига асос яратади.

     

 

      Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати,

Қибрай тумани Кенгаши ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+