Ҳамма жойда адолат устувор бўлади

06.07.2021 15:07:12

Президентимиз сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда улар олдига бир қатор  устувор вазифаларни қўйган эди. Биз шундан келиб чиқиб, тезкор ва фаол иш олиб боряпмиз. Туман партия Кенгаши фаоллари  билан халқимизнинг оғирини енгиллаштириш, дардига шерик бўлиш, муаммоларини бартараф этиб рози қилиш учун барча зарур чораларни кўряпмиз.

Мен Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзосиман. Очиғи, “Адолат” СДПнинг танлаган йўли менга ёқади. Шу туфайли ҳам сиёсий куч ғояларига  содиқ бўлишга ҳаракат қиламан. Одамларнинг ишончи мени ҳар доим  уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳаракатда бўлишга ундайди.

3-“Қоратепа” сайлов округидан туман Кенгашига депутат этиб сайланганман. Депутат сифатида тақдим этган сайловолди дастуримдан ўрин олган бандларнинг бажарилишини таъминлаш  доимий диққат эътиборимда  бўлиб келаяпти. Улардан энг муҳимлари ҳақида тўхталиб ўтаман. 2021 йил 3 февраль куни “Қоратепа” МФЙ аъзолари билан учрашганимда одамлар электр энергияси таъминоти яхши эмаслигидан шикоят қилишди. Муаммони обдон ўрганиб, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови юбордим.  Жорий йилнинг 23 апрель куни қишлоқ хонадонларида  электр энергияси яхшиланиши учун иккита янги трансформатор  ўрнатилди. Мен одамларни овора қилаётган бу жумбоқни ҳал қилишда ўз ҳиссамни қўшдим. Аҳолини электр энергиясига бўлган эҳтиёжини яхшиланиши  уларни  қийнаб келаётган кўплаб қийинчиликларни бартараф этишимизга омил бўлди.

Давлатимиз раҳбари қайта–қайта эътироф этаётганларидек, кўп масалалар одамлар билан жонли мулоқотда юзага чиқади. Очиқ мулоқотда очилган масалаларга ечим топиш ҳам осонроқ кечади. Мен амалдаги йилнинг 11 апрель куни “Қоратепа” қишлоғи хонадонларида бўлганимда қишлоқ одамлари ички йўллар носозлигидан шикоят қилишган эди. Бу муаммо  туман ободонлаштириш ва йўл қурилиши ташкилоти орқали ҳал қилинди. 30 майга қадар мутасаддилар томонидан 400 метр ички йўллар таъмирланди.

Одамлар қалбига қулоқ тутсангиз, ютуқлардан тўлиб-тошиб, тўлқинланиб сўзлашади. Муаммоларга эса амалий ёрдам сўрашади. Сайловчилар билан учрашувда  шу нарса аён бўлдики, ҳақиқатдан ҳам ҳали қишлоқда жумбоқлар кўп. Ўқитувчи ва ота-оналар талаби асосида мактабни таъмирлаш лозим. Қишлоқ оилавий поликлиникасининг ҳам ҳолати яхши эмас. Яна бир муаммо, ўқувчиларни мактабга бориб келиши учун пиёдалар йўлакчаси қуриш керак. 

Мен иш фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдимки, халқимиз очликка чидаши мумкин. Бироқ, адолатсизликка чидай олмайди. “Қоратепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ  хотин-қизлар томонидан  менга ариза тушди. Унда айтилишича, бир гуруҳ аёллар 2020 йил июнь ойидан бошлаб мавсум тугади, деб ишдан бўшатилган  ва 2021 йил 15 январдан иш бошланиши билан ўз ишларига қайтарилмаган. Бунга иш ўринлари  қисқарганлиги сабаб дейишган, корхона мутасаддилари. Шунингдек, аризада, эр-хотин бир корхонада ишлаши мумкин эмаслиги айтилиб, кўп йиллик иш тажрибасига эга ишчиларни кўчага чиқариб юборди, дейилган.

Шундан сўнг мен масъулияти чекланган жамияти “Индорама-Агро” хусусий корхонаси бош директори Деерак Райна жанобларига депутатлик сўрови билан мурожаат қилдим. Муаммони адолатли ҳал қилдим. Мурожаатчилар корхона билан тузган шартномалари  бўйича ишга олинадиган бўлди. Бугунги оғир вазиятда одамлар ўз ишларига қайтадиган бўлишди.

Ислом дини ва унинг маданиятимизга таъсири ҳамда инсониятга бўлган фазли-марҳамати ҳаммамизга яхши маълум. Шундай экан, қишлоқлардаги фаолият кўрсатаётган масжидлар ҳам эътиборимизда. Биз уларнинг обод ва кўркам бўлишида ҳам ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Чунки ислом таълимотида инсонларнинг ёмонликлардан сақланиши, ўз ҳаётини яхши ишларга сарфлаши уқтирилади. Шуни унутмаслик керакки, муқаддас динимизни яхши англаган киши бировнинг ҳақидан хазар қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз биродарига, яқинларига, юртдошларига ёмонликни раво кўрмайди. Шу боис ҳам депутатлик гуруҳимиз аъзолари қўлимиздан келгунича юртдошларимизга яхшилик қилиб  яшаяпмиз. Инсон деган шарафли номни оқлаяпмиз.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Аббос Ҳасановга “Майманоқ” МФЙда яшовчи фуқаро Холмирза Райимқулов 2021 йил 10 март куни иш билан таъминланишини сўраб мурожаат қилади. Депутатимизнинг ўз вақтида кўрган чораси туфайли 2021 йил 1 майдан эътиборан Холмирза Райимқулов тумандаги 28-умумтаълим мактабига ишга жойлашди. Бундан ташқари депутатлик гуруҳимиз аъзоси Аббос Ҳасановнинг саъй-ҳаракати билан “Хўжа Касби” МФЙ хонадонларида электр энергияси таъминоти  яхшиланди. “Хўжахайрон” МФЙда умргузаронлик қилаётган 26 та эҳтиёжманд оилаларга эса  озиқ-овқат, кийим-кечак, болалар учун спорт анжомлари  тарқатилиб, 3 нафар болага  эшитиш мосламаси олиб берди.

2021 йил 10 апрель куни “Жизза” МФЙ ҳудудидаги 46-умумтаълим мактаби  ўқитувчилари ва маҳалла фаоллари депутатлик гуруҳимизга мурожаат  қилишди. Шунга асосан депутат Аббос Ҳасанов  муаммони жойида ўрганиб, ҳақиқатдан ҳам мактаб таъмирталаб эканлиги, пол ва том қисмлари эскиргани, информатика хонаси учун 15 та компьютер, 2 та принтер, 2 та электрон доска кераклигини аниқлади ҳамда камчиликни бартараф этиш учун туман ҳокими ўринбосари М. Жўраевга депутатлик сўрови юборди. Апрель ойининг охирида мактабдаги муаммолар бартараф этилди.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари жорий йилнинг 3 апрель куни “Мушқоқи”  МФЙ аъзолари билан мулоқотга киришганимизда “Тинчлик” кўчасининг 2 километр, “Баркамол” кўчасининг 600 метр масофасини асфальт қилиб беришда ёрдам сўрашди. Бу муаммони тезда бартараф этишни депутат Дилафруз Набиева ўз зиммасига олди. Мурожаатни ўрганиб, тегишлилиги бўйича вилоят автомобил йўллар ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Б.Раҳимовга хат жўнатилди ва шунга асосан маҳалладаги ички йўллар таъмирланиши 2021 йил дастурига киритилди. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, бу хайрли иш август ойида амалга оширилади.

Гуруҳимиз аъзолари ва партиядошларимиз билан “Тинчлик”, “Муғлон” МФЙ ҳудудидаги 100 дан ортиқ хонадонларга  ташриф буюриб, ҳар бир оила тадбиркор дастури доирасида фуқаролар ўртасида иссиқхона қуриш,  балиқчилик, чорвачилик, деҳқончилик, асаларичилик билан шуғулланиш, тўйларни карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш юзасидан кенг тушунтириш ишларини олиб бордик. 2021 йил 29 апрель куни “Тинчлик” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Гўзал Муртозаева тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 20 миллион сўм субсидия олиб беришда, “Муғлон”  МФЙда яшовчи Г.Ражабова эса субсидия олиб, янги қурилаётган уйларга тўлов қилишига ёрдам сўради. Депутат Дилафруз Набиева фуқаролар мурожаатига асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги туман бўлими раҳбари ва тегишлилиги бўйича туман ҳокими ўринбосарига депутатлик сўрови юборди. Жорий йил май ойидан Гўзал Муртозаева  20 миллион сўм субсидия эвазига тадбиркорлигини бошлади. Г.Ражабовага эса депутат аралашуви билан 2021 йилда қурилиши мўлжалланган уйлардан берилиши маълум қилинди.

2021 йил 3 май куни “Месит” МФЙ аҳолиси номидан депутатлик гуруҳимизга Гулора Жўраева 2-гуруҳ ногирони эканлиги, кўзи ожизлиги учун ордер олиб даволанишга эхтиёж сезаётганлигини ёзма равишда билдирган. Депутат Сайёра Юсупова унинг мурожаатига асосан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборди ва фуқарога даволаниш учун ордер берилди.

Дарвоқе, биргина жорий йилнинг июнь ойида гуруҳимиз аъзоси Сайёра Юсупованинг ташаббуси билан кам таъминланган оилалар фарзандларидан 14 нафари мавсумий ишларга, 8 нафар хотин-қизлар эса тикувчилик цехларига ишга жойлаштирилди.

Халқни эзгу ният йўлида ўзига эргаштира оладиган  киши ҳамиша эл юрти, халқининг ҳурмат эътиборида бўлади. Фуқароларни бир-бирига суяниб, таяниб,  бир-бирларини тушуниб, муаммоларни биргалашиб бартараф этишга даъват қилиш депутатнинг ноёб фазилатларидандир. Биз одамлар кўнглига йўл топиб, уларни яхшиликка, бунёдкорликка, даъват этаяпмиз.

                                                      

Алимардон  ШОҲИМАРДОНОВ,

                                Халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги  Ўзбекистон

                                “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+