Ҳамюртларимизга қувонч ва саломатлик баҳш этадиган қарор 

06.06.2021 13:06:27

Мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 28 майдаги «Аҳолига гемотология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор мамлакатимизда гематология ва онкология йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мазкур соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан таъминлаш,шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлаш мақсадларини ўз ичига олган. Юртимизда аҳолини ҳар томонлама соғломлаштириш, аҳоли ўртасида турли онкологик ва бошқа касалликлар кўпайишининг олдини олиш, халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга муносиб хизмат қилади.

Кейинги йилларда, муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимиз тиббиёт тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда кўркам тиббиёт муассасалари бунёд этилмоқда. Айримлари эса реконструкциядан чиқарилиб замонавий тиббий жиҳозлар, тиббий лаборатория жиҳозлари билан таъминланмоқда. Уларда тажрибали, ўз ишинининг моҳир устасига айланган фидойи тиббиёт ходимлари аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Натижада аҳоли орасида хавфли, юқумли, ўсма касалликлари кенг тарқалиши олди олинмоқда. Қарор ижроси юзасидан эндиликда фуқаролар ўртасида онкологик касалликларини камайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Сифатли ва замонавий технологиялар жорий этилади. Бир сўз билан айтганда аҳолининг қалбига ҳотиржамлик, юзига эса нур ва таббасум, тану жонига соғлик-саломатлик олиб кирилади.

Фарғона шаҳридаги вилоят Урология марказимизда ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини яратиш, урологик касалликларнинг олдини олиш, самарали даволаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Агарда бемор ўз касаллигига бефарқ қараса, ҳар қандай дард авж олиши, ёмони у ўсма касаллигига айланиб беморнинг ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин. Бунда албатта шифокорлар томонидан ҳам беморга тўғри ва аниқ ташхис қўйиш муҳимдир. Шуни инобатга олган ҳолда шифохонамизда беморларни соғломлаштириш, уларни соғлом ва бахтли ҳаётга қайтишлари учун саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Беморлар ўртасидаги касалликларни эрта аниқлаш бўйича замонавий лабораториялар ишлаб турибди. Шифокорларимиз ва патронаж ҳамшираларимиз ҳудудларга чиқиб аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб келишмоқда. Бордию касалликнинг аломати сезилса, дарҳол уни даволаш ишлари олиб борилмоқда. Мақсадимиз халқимиз саломат бўлсин. Ҳеч ким дарддан қийналмасин. Шунингдек, шифохонамизда урологик касалликлар сифатли даволанмоқда. Буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларнинг гемодиализ сеансларини олишлари учун замонавий гемодиализ аппаратлари ишлаб турибди. Жорий йилда Президентимиз ташаббуслари билан вилоятимиздаги қатор шифохоналарга, хусусан, Фарғона вилояти кўп тармоқли марказий шифохонасига 10 та, вилоят эндикиринология диспанцерига 5та, Қўқон шаҳар марказий тиббиёт бирлашмасига қўшимча 5 та, Фарғона вилоят Урология марказига эса қўшимча битта, жами вилоят бўйича шифохоналарга 21 та янги суний буйрак аппаратлари берилиб, гемодилаиз сеанслари сифатли олиб борилмоқда. Яқин кунларда эса вилоят урология марказидаги гемодиализ бўлими Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бўлимига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу имкониятлар, яратилаётган қулай шароитлар ушбу касаллик билан ҳасталанган беморларни турли қийинчилик ва оворагарчиликларсиз гемодиализ олиб, соғлом юришларига имконият яратмоқда. Гемодиализ олишлари билан бир қаторда беморларимизнинг саломатликлари доимий назоратимизда туради. Ҳар уч ойда уларни тиббий текширувлари олиб борилиб, касаллик аниқланса уларни ўз вақтида даволаш ишлари ташкил этилмоқда. Зеро, кичик бир оғриқ ёки касаллик ҳам инсон соғлигига путур етказиши ёки ўсма касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида биз шифокорлар доимий изланиш ва ҳаракатдамиз.

Халқимизда тана қўрғон, дард меҳмон деган ибратли гаплар юради. Касаллик албатта ўз шифоси билан келади. Беморларга шифо улашиб, уларни соғлом ҳаётга қайтишлари учун қўлимиздан келганча меҳнат қиламиз. Муҳтарам Президентимизнинг Соғлиқни сақлаш тизимида олиб бораётган ишлари, соҳа ривожига қаратилган фармон ва  қарорлари тиббиёт тизимидаги камчиликларни бартараф этиб,  бизни янада шижоат билан ишлашга ундайди, ғайратимизга ғайрат қўшади.

 

Иномжон ҲАМРОЕВ,

Фарғона вилоят урология маркази нефрология ва гемодиализ бўлим мудири,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+