ҲАМЖИҲАТЛИК – БАРҚАРОРЛИК АСОСИ

22.07.2022 16:07:14

Кейинги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсат соҳасида фаол иш олиб бораётгани бутун дунёда тан олинмоқда. Ш.М.Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки ойлардаёқ биринчи навбатда Марказий Осиёдаги қўшнилар билан дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидан боришимиз лозимлигини қайд этган эди. Чунки бу ҳудудда яшовчи халқлар азалдан қон-қариндош, қуда-анда бўлиб келган. Динимиз бир, тилимиз ҳам яқин, турмуш тарзимиз ва қадриятларимиз, анъаналаримиз ўхшаш. Шундай экан, ҳамжиҳатликда яшашга, биргаликда барқарорликни таъминлашга нима етсин...

Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда ўзаро маслаҳат билан иш кўриш, юзага келадиган хавф-хатарга қарши биргаликда курашиш катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан қараганда, Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви айни муддао бўлди. Саммит иштирокчилари минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражасини янада юксалтириш масалаларни муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олға сурган бир қатор таклиф ва ташаббуслар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Биз, наманганлик «Адолат»чиларга давлатимиз раҳбари учрашувдаги нутқида билдирган фикр ва мулоҳазалар маъқул тушди. Улар қардош халқларнинг биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш орқали тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимиз таъкидлаганидек, “...ушбу форматда олиб борилаётган мулоқот туфайли дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақамизда мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлдик Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқдамиз.

Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашувлари амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди.

Фақатгина сўнгги беш йилда минтақа ичида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошди. Биз саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам киришдик, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқдамиз, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқдамиз. Энг муҳими – барча ижобий ўзгаришларни бизнинг биродар халқларимиз ҳис этмоқда.»

Давлатимиз раҳбари жаҳондаги минтақамизга бевосита таъсир кўрсатаётган мураккаб вазият ҳақида ҳам гапирди. Чунки халқаро тартиботнинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган шиддатли трансформация жараёнлари кузатилмоқда. Биз глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шундай шароитда Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўриш биринчи даражали вазифа ҳисобланади.

Ўйлаймизки, мазкур саммитда эришилган келишувлар асосида иш кўриш нафақат бизнинг минтақамизда, балки бутун дунёда тинчлик ва хавфсизлик барқарор бўлишига ҳисса бўлиб қўшилади.

Баҳодир БОЛТАБОЕВ, «Адолат» СДП
Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+