“Ҳақиқат” маҳалласининг баъзи ҳақиқатлари

13.04.2021 22:04:18

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳасининг навбатдаги манзили Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” маҳалласи бўлди. Маҳаллада 314 та хонадон ва 451 та оила мавжуд бўлиб, 1640 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 247 нафарини 7 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Яъни, эмлаш ёшидаги болалар вакцинация олиш учун маҳалладан тўрт келометр узоқликдаги “Пахтаобод” маҳалласидаги оилавий поликлиникага боришига тўғри келмоқда экан.

Маҳалланинг ёши кекса отахону-онахонлари, ҳаттоки ҳомиладор аёллари ҳам  тиббиёт масканига бориши учун  қатор ноқулайликларга дуч келади. Чунки бирор жойи оғриб турган аҳоли вакилига узоқ масофага қатнаб  тиббий муолажани олиш ўзига яраша ноқулай. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан маҳаллада биноси мавжуд бўлган қишлоқ врачлик пунктига борилди, аҳоли вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди. Масалан, маҳалла фаоли Юсуф Ҳайиталиев ўз сўзида мазкур ҚВП биноси Сардоба талофатидан сўнг қайта таъмирлангани, техник жиҳозлар билан таъминлангани лекин ходимлар учун штат бирликлари ажратилмагани сабабли ўз иш фаолиятини бошлай олмаётгани айтиб ўтди.

Партиянинг вилоят ва туман Кенгаши вакиллари ҳамда Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати Дилдора Холиқовадан иборат ишчи гуруҳи томонидан мазкур тиббиёт масканининг иш бошлаши учун сўровнома юбориш масаласи асосий қилиб олинди. Агар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур сўровимизга амалий жавоб берса “Ҳақиқат” маҳалласининг аҳолисининг тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжи қондирилган бўлармиди? Демак биз мавзуга яна қайтамиз.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+