Ҳақиқий бахт – озодлик ва эркинликда

24.08.2021 17:08:19

Юрт учун жон фидо қилиш олий туйғу. Негаки, Ватаннинг эртаси, камоли, равнақи йўлида фидойи бўлишдек улкан вазифа йўқ. Ана шундай улуғ вазифалар  йўлида халқимизни улуғ интилишлар билан нурли манзиллар сари бошлаб бораётган муҳтарам Президентимиз атрофига юртдошларимиз ҳам тобора жипслашиб боришяпти. Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон  яшаш шиори билан халқимиз учинчи ренессанс  пойдеворини  яратмоқда.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча шаҳар қишлоқлари аҳолиси давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги  қарорига асосан кенг кўламли ишларни амалга оширишаяпти.  Бу қарор бугун нафақат юртимиз аҳлини, балки бутун дунёга тарқалиб кетган ватандошларимиз ҳаётига ҳам эрк ёғдуларини бахшида этди. Ҳа, одамзот ер юзининг қайси бурчагида яшамасин, Ватан биттадир. Мустақил Ўзбекистон фуқароларининг буюк мақсад йўлида бирлашуви  уларнинг ватанга муҳаббати, эътиқоди туфайлигина амалга ошади. Бу туйғу, қарорда Президентимиз алоҳида эътироф этганларидек, миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашган ҳолда келажакка ишонч туйғусини тарбиялайди.

Шу ўринда яна муҳтарам Президентимизнинг қарордаги қуйидаги сўзлари эътиборимизни тортмай қўймайди: “Жамиятда қонун устуворлиги ва судларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг вакиллик органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимининг йўлга қўйилгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини  ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар”. Бу фикр партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга тўла мос эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Дарвоқе, байрам арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободончилик, қурилиш ишлари амалга оширилаяпти. Айниқса, пойтахтимизда “Истиқлол” мажмуаси барпо этилаётгани халқимизнинг айни дилидаги иш бўлди. Шунингдек, янги барпо этилаётган ер усти метро халқа йўлини “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги”, деб номлаш, “Янги Ўзбекистон” китоб-альбом ва тўпламларини нашр этиш каби хайрли ишларга қўл урилди.

Истиқлол туфайли биргина бизнинг вилоятимизда ҳам ҳозир 54 минг 569 та тадбиркорлар эркин фаолият юритиб келаяпти. Ҳозирги даврга келиб аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 26 минг сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 730 минг сўмга, марказлашмаган инвестициялар ҳажми 140 минг сўмга ошиб, одамларнинг реал даромадлари бир кишига ўртача 1 миллион 987 минг сўмни ташкил қилган.

Қашқадарё улкан ер ости ва ер усти заҳираларига бой воҳа. Мустақиллик йилларида олимларимиз томонидан ўрганишлар натижалари шуни кўрсатдики, вилоятимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда асқотадиган 261 миллион тонна цемент, 19 миллион тонна гипс, 5миллион тонна шиша хом ашёси, 16 миллион куб метр табиий қопламабоп тошлар, 64 миллион куб метр қум шағал  материаллари, 20 миллион куб метр қурилиш тошлари, 18 миллион куб метр керамзит заҳиралари мавжуд. Шулардан келиб, мустақиллик берган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Китоб туманида 3 та, Косон, Қамаши туманлари ва Қарши шаҳрида 1 тадан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган йирик корхоналар барпо этилиб, ишга туширилади. Энг муҳими, биргина шу мустақилликнинг 30 йиллиги байрами нишонланадиган қутлуғ йилда вилоятимизда 26 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларнинг 15 таси фақат ёшларни иш билан таъминлайди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиманки, воҳамизда мустақиллик йилларида  қайси эзгу ишларга қўл урилган бўлса, уларнинг барчасида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг 32 минг нафардан зиёд аъзолари барча жабҳада фидойилик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилаяптилар. Партиямиз фидойилари ташаббуси билан бу йил қурилиш ва тоғлардаги тош ҳамда  фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ҳисобига 500 та янги иш ўринлари яратиш устида ишларни бошлаб юборганмиз.

  Мана, мустақиллигимиз ҳам 30 ёшга тўлаяпти. Худо хоҳласа, ҳали доноларимиз айтишганидек, юз билан юзлашади. Минг йилликлар билан учрашади. Эҳтиросли шиорларимиз, қалб, юрак даъватимиз ила унга хизмат қилиш  биз “адолатчи”лар учун буюк шараф.

Ҳурматли партиядошлар, ана шу шараф ҳамиша йўлдошингиз,  адолат тантанаси йўлидаги савобли ишларингиз эса барокатли бўлсин.

                                                                     Руиддин РАУПОВ,

                                                                     Эркин ТЎХТАЕВ,

                                                   Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят

                                               Кенгашидаги

                                                  Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи

                                                   аъзолари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+