Ҳақиқий обод маҳаллада “Темир дафтар” бўлмаслиги лозим

31.03.2021 17:03:55

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимиз талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир.

Дастур доирасида ислоҳотлар самарали ҳамда шиддат билан амалга оширилаётгани боис ҳаётимизда ҳар куни муҳим ўзгариш ва янгиликлар юз бермоқда.

Буни барчамиз ўз турмушимизда ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони бундай ўзгаришларнинг янада жадаллашувига, аксарият соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликларнинг чекка ҳудудларда ҳам амалга оширилишига, қишлоқларимизнинг ҳам барча инфратузилма яратилган гўшаларга айланиб боришига замин яратмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти лойиҳасининг Ўзбекистондаги доимий координатори Джон Макгрегор 2020 йилнинг апрель ойида Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги “Обод қишлоқ дастури доирасида бунёд этилган “Олтинкўл” маҳалласидаги янги турар жой массиви билан танишиш мақсадида ташриф буюришган эди.

– Бу ерда кўрганларим мен учун кутилмаган янгилик бўлди, – дейди БМТ Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер учрашув чоғида. – Одамларнинг уй-жой билан таъминлаш, улар учун яшаш шароити яратиб бериш масаласи БМТ фаолиятидаги энг муҳим масала ҳисобланади. Биз, Ўзбекистон ҳукуматининг бу масалани ҳал этишга жуда катта эътибор билан қараётганидан жуда мамнунмиз. Биз интилишларни ҳар томонлама қўлаб-қувватлаймиз.

Чиндан ҳам, уй одамларга фақат бошпана эмас, бу инсон беҳавотир яшайдиган энг биринчи маскандир. Яна бир муҳим жиҳат одамларнинг яшаши учун энг зарур восита бўлган иш жойидир. Дастур доирасида обод бўлаётган манзилларда турли хил тадбиркорлик масканларининг барпо этилиши ва бу ерларда фуқароларнинг иш билан таъминланиши давлатимиз томонидан  бу масалаларни ҳам ҳал этаётганлиги натижасидир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак дастур доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар аввало халқимиз руҳиятини кўтаришга, халқ розилиги йўлида хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+