Ҳақли талаб қондирилди

16.09.2021 14:09:10

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда Қарши шаҳридаги “Шайхали” МФЙнинг Косон йўли кўчасида жойлашган терини қайта ишловчи JV “Qarshi Leater” МЧЖ қўшма корхонасидан чиқаётган бадбўй ҳиддан аҳоли азият чекаётгани айтилган эди. Аҳолининг  мурожаатлари асосида “Адолат” СДП вилоят ва шаҳар Кенгаши фаоллари ҳамда Қарши ҳокими Нормўмин Холбоев ҳамкорлигида ўрганишлар олиб борилди. Ҳудудда яшовчи одамлар билан юзма-юз мулоқот уюштирилганда, фуқароларнинг талаби ҳақли эканлиги аниқланди. Шунингдек, масъуллар корхонада ҳам бўлишди. Маълум бўлишича, корхона 10 кундан буён фаолият юритмаяпти. Заводдан чиқаётган оқова сувларни ҳайдаш учун ёпиқ канализация тизими ишга туширилмаган.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари ва шаҳар ҳокими аҳоли вакиллари ҳамда тегишли масъуллар иштирокида корхонадан чиққан оқава сувлар тўпланган очиқ ҳавзани ҳам бориб кўришди. Бу ердан таралаётган қўланса ҳидни йўқотиш учун очиқ ҳавзани тупроқ билан ёпиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ҳоким ва партиямиз фаолларининг аҳоли билан мулоқотларида электр таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, ёш болалар ўтадиган асосий катта йўлга махсус йўл белгиси ўрнатиш юзасидан ҳам мурожаатлар тушди.

Депутатларимизнинг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли маҳаллага электр таъминотини яхшилаш учун янги трансформатор ўрнатиш, тупроқ йўлга тош-шағал аралашмаси ётқизиш, пиёдалар кесиб ўтадиган катта йўлга эса йўл чизиқ белгисини чизиб бериш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Энг муҳими адолатчилар томонидан аҳолининг ҳақли талаби ўз вақтида инобатга олиниб, ижроси таъминланганидан маҳалладошлар хурсанд бўлишди.

 

Гулноза Раджабова,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари,

Муҳаббат Шаропова,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+